05.01.2024 22:50

ЖССТ COVID-19 ҳолатлари ортиб бораётгани сабабли ниқоблардан фойдаланишга чақирмоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Гебреесус кўплаб мамлакатларда бир неча ҳафтадан бери касалланиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани сабабли барчани ниқоб тақиш ва COVID-19 га қарши эмлашга чақирди.

"COVID-19, грипп ва бошқа патогенлар келтириб чиқарадиган респиратор касалликлар сони бир неча ҳафта давомида кўплаб мамлакатларда ўсиб бормоқда ва бу ҳолат яқинда таътиллар тугаши ортидан яна давом этиши кутилмоқда", деб ёзди Тедрос ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Шунингдек, у барчани COVID-19 учун тестдан ўтишга ва керак бўлганда тиббий ёрдамга мурожаат қилишга ундади.

"Таъсирни камайтириш учун ниқоблар, вентиляция ва ижтимоий масофани сақлашда давом этинг, ўзингиз ва яқинларингизнинг COVID-19 ва гриппга қарши эмланганингизга ишонч ҳосил қилинг", дея қўшимча қилди ЖССТ раҳбари.

Шунингдек, у давлатларни тестлар ва вакциналардан осон фойдаланишни кафолатлашга ва мутациялар эволюциясини кузатиш учун COVID-19 ни секвенирлаш (секвенирлаш — ДНК молекулаларида ўзига хос кетма-кетликларни ажратиш) изчиллигини сақлашга чақирди.

Декабрь ойи охирида ЖССТ дунё бўйлаб COVID-19 ҳолатлари сони 28 кун ичида олдинги 28 кунга нисбатан 52 фоизга ошгани ва 850 минг ҳолат қайд этилгани ҳақида хабар берганди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.