17.12.2024 16:21

Жўлон тепаликларининг аҳамияти нимада?

Исроил ҳукумати якшанба куни босиб олинган Жўлон тепалигидаги аҳолисини икки бараварга кўпайтиришга қасд қилди. Бунда, президент Башар Асадни ағдарган исёнчилар раҳбарларининг мўътадил оҳангига қарамай, Суриядан келаётган таҳдидлар сақланиб қолаётганини таъкидлади.

Исроил 1967 йилги Олти кунлик урушда Суриядан стратегик платонинг асосий қисмини эгаллаган ва 1981 йилда уни ўзига қўшиб олган.

8 декабрь куни Асад Суриядан қочиб кетганидан сўнг Исроил қўшинлари Сурия ичидаги қуролсизлантирилган ҳудудга, жумладан, Дамашққа қараган стратегик Ҳермон тоғининг Сурия қисмига кириб борди ва у ердаги ташлаб кетилган Сурия ҳарбий постини эгаллаб олди.

Исроил бу ҳаракатни чегара хавфсизлигини таъминлаш учун вақтинчалик чора деб атади.

Қуйида Исроилнинг Жалила минтақаси, шунингдек, Ливан ва Иордания билан чегарадош бўлган серҳосил ва стратегик плато - 1200 квадрат километрлик (460 квадрат миля) Жўлон тепаликлари ҳақида қисқача маълумот берилган.


Бу ҳудуд нега мунозарали?

2019 йилда ўша пайтдаги президент Дональд Трамп АҚШнинг Жўлон устидан Исроил суверенитетини қўллаб-қувватлашини эълон қилган, аммо бу қўшиб олиш кўпчилик давлатлар томонидан тан олинмаганди. Сурия Исроилдан чиқиб кетишни талаб қилади, бироқ Исроил хавфсизлик муаммоларини рўкач қилиб, бу талабни рад этади.

Сурия 1973 йилги араб-исроил урушида Жўлонни қайтариб олишга уринган, аммо муваффақиятсизликка учраган. Исроил ва Сурия 1974 йилда яраш битимини имзолаган ва ўшандан бери Жўлон нисбатан тинч.

2000 йилда Исроил ва Сурия Жўлонни қайтариш ва тинчлик келишуви бўйича юқори даражадаги музокаралар ўтказган. Аммо бу музокаралар барбод бўлган ва кейинги уринишлар ҳам натижа бермаган.

Нетаняху якшанба куни 20 январда Оқ уйга қайтадиган Трамп билан суҳбатлашганини айтди. Исроил раҳбари ўз мамлакатининг Сурия билан можарога киришишдан манфаатдор эмаслигини таъкидлади.

Нима учун Исроилга Жўлон керак?

Хавфсизлик. Исроил Суриядаги ўн йилдан ортиқ давом этган фуқаролар уруши давомида, платони Исроил шаҳарлари ва қўшни мамлакатдаги беқарорлик ўртасидаги буфер зона сифатида сақлаб қолиш зарурлигини кўрсатган эди.

Исроил ҳукумати, шунингдек, Асад режимининг узоқ йиллик иттифоқчиси бўлган Эроннинг Исроилга ҳужумлар уюштириш учун чегаранинг Сурия томонида ўз мавқеини мустаҳкамлашга уринаётганидан хавотирда эканини билдирган. Исроил Асад қулашидан олдинги йилларда Суриядаги гумонланган Эрон ҳарбий объектларини тез-тез бомбардимон қилган.

Исроил ҳам, Сурия ҳам Жўлоннинг сув ресурсларига ва табиий унумдор тупроқларига кўз тиккан.

Жўлонда кимлар яшайди?

Исроилнинг шимолий чегарасидаги хавфсизлик муаммоларига ихтисослашган "Алма" тадқиқот ва таълим маркази таҳлилчиси Авраҳам Левиннинг айтишича, у ерда 31 мингга яқин исроиллик истиқомат қилади. Уларнинг кўпчилиги қишлоқ хўжалиги, жумладан узумчилик ва туризм билан банд. Левиннинг маълум қилишича, Жўлонда 24 минг друз ҳам яшайди. Друзлар ислом динининг бир тармоғига эътиқод қилувчи араб озчилигидир.

Суриядаги друзларнинг аксарияти узоқ вақт давомида Асад режимига содиқ бўлиб келган. Кўпгина оилаларда чегара чизиғининг ҳар икки томонида аъзолар бор. Жўлонни қўшиб олгандан сўнг Исроил друзларга фуқаролик бериш имкониятини таклиф қилган, аммо кўпчилиги буни рад этиб, ўзларини ҳамон суриялик деб ҳисоблайди.

Жўлоннинг Сурия томонини ким назорат қилади?

2011 йилда Сурияда фуқаролар уруши бошланишидан олдин Исроил ва Сурия кучлари ўртасида нотинч вазият ҳукм сурган.

Аммо 2014 йилда ҳукуматга қарши исломий исёнчилар Сурия томонидаги Қунеитра вилоятини эгаллаб олишган. Қўзғолончилар Асад кучларини чекинишга мажбур қилишган, шунингдек, минтақадаги БМТ кучларига ҳужум қилиб, уларни баъзи позицияларини тарк этишга мажбурлашган.

Ҳудуд 2018 йилнинг ёзигача исёнчилар назоратида қолган. Шундан сўнг Россия томонидан қўллаб-қувватланган ҳужум ва исёнчиларнинг чекинишига имкон берган келишув натижасида Асад кучлари асосан вайрон бўлган Қунеитра шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудга қайтиб келган.

Жўлоннинг икки томонини нима ажратиб туради?

БМТнинг Тинчликни таъминлаш кузатув кучлари (UNDOF) Жўлон бўйлаб жойлашган лагерлар ва кузатув постларида туради. Уларга БМТнинг Ярашувни назорат қилиш ташкилоти (UNTSO) ҳарбий кузатувчилари ёрдам беради.

Исроил ва Сурия қўшинлари ўртасида 400 квадрат километрлик (155 квадрат миля) "Ажратиш ҳудуди" - кўпинча қуролсизлантирилган зона деб аталувчи майдон мавжуд. Ўт очишни тўхтатиш келишувига кўра, бу ерда икки давлат қуролли кучларига рухсат берилмайди.

1974 йил 31 майдаги Кучларни ажратиш тўғрисидаги келишув ажралиш ҳудудининг ғарбида Альфа чизиғини ва шарқида Браво чизиғини яратди. Исроил ҳарбий кучлари Альфа чизиғининг орқасида, Сурия ҳарбий кучлари эса Браво чизиғининг орқасида қолиши шарт қилинди.

"Ажралиш ҳудуди"дан ташқарида ҳар икки томонда 25 км (15 миля) масофага чўзилган "Чеклов ҳудуди" мавжуд бўлиб, унда ҳар икки томоннинг қўшинлари сони, қуролларининг миқдори ва турлари чекланган.

Исроил ва Сурия томонлари ўртасида битта ўтиш нуқтаси мавжуд. Суриядаги фуқаролар уруши бошлангунига қадар бу нуқта асосан БМТ кучлари, чекланган миқдордаги друза фуқаролари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташиш учун ишлатилган.

Асад тахтдан ағдарилгандан сўнг нима юз берди?

Нетаняху ҳукумати аввалги якшанба куни Жўлонда демографик ўсишни рағбатлантириш учун 40 миллион шекелдан ортиқ (11 миллион доллар) маблағ ажратиш режасини бир овоздан маъқуллади.

Нетаняху бу режани ҳукуматга "уруш ва Суриянинг янги фронти туфайли ҳамда Жўлон аҳолисини икки баробар кўпайтириш истаги" сабабли тақдим этганини айтди.

Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари Исроилнинг қарорини қоралади. 2020 йилда Исроил билан муносабатларни нормаллаштирган БАА буни "босқинчиликни кенгайтириш учун атайлаб қилинган ҳаракат" деб таърифлади.

Исроил Суриянинг стратегик қурол-яроғ захиралари ва ҳарбий инфратузилмасига юзлаб зарбалар бергани айтилади. Бу зарбаларда мақсад улардан Асадни ҳокимиятдан қувиб чиқарган, баъзилари Ал-Қоида ва ИШИД билан боғлиқ ҳаракатлардан ўсиб чиққан исёнчи гуруҳлар фойдаланишига йўл қўймаслик бўлган.

Суриянинг амалдаги раҳбари Аҳмад ал-Шараа шанба куни Исроил Суриядаги ҳужумларини оқлаш учун сохта баҳоналардан фойдаланаётганини, бироқ мамлакати қайта қуришга эътибор қаратгани сабабли янги можароларга киришишдан манфаатдор эмаслигини айтди.

Абу Муҳаммад Ал-Жўлоний номи билан танилган Шараа 8 декабрь куни Асадни ҳокимиятдан ағдарган ва оиланинг эллик йиллик темир муштумли бошқарувига барҳам берган исломий "Ҳайъат Таҳрир Аш-Шам" (ҲТШ) гуруҳига раҳбарлик қилади.

У хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг ягона йўли дипломатик ечимлар эканлигини ва "пухта ўйланмаган ҳарбий саргузаштлар" керак эмаслигини таъкидлади.

Исроил мудофаа вазири Исроил Кац эса якшанба куни берган баёнотида Суриядаги сўнгги воқеалар "исёнчилар раҳбарлари даъво қилаётган мўътадил қиёфага қарамай", Исроилга таҳдидни кучайтирганини айтди.

Reuters сайти материаллари асосида тайёрланди. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.