10.12.2024 07:34
Нетаняху Жўлон тепаликларини "Исроилнинг ажралмас қисми" деб эълон қилди
1967 йилдан бери Исроил ишғоли остида бўлган Жўлон тепаликлари "абадий Исроилнинг ажралмас қисми бўлиб қолади". Бу ҳақда Исроил бош вазири Биньямин Нетаняху Жўлан тепаликлари билан боғлиқ матбуот анжуманида эълон қилди.
Нетаняху Исроилнинг Жўлон тепаликларида ҳарбий жиҳатдан мавжудлиги мамлакат "хавфсизлиги ва суверенитетини кафолатлайди" деб таъкидлади.
Нетаняху АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп маъмурияти 2019 йилда Исроилнинг Жўлон тепаликларидаги суверенитетини тан олганини эслаб ўтди ва бунинг учун Трампга миннатдорчилик билдирди.
Исроил, шунингдек, Дамашқдан 40 км узоқликдаги Ҳермон тоғини ҳам қўлга олди. Собиқ сионист учувчи ва публицист Нафтали Ҳазони ЦАХАЛ томонидан ишғол қилинган Ҳермон тоғининг стратегик аҳамияти ҳақида сўзлади.
Унинг айтишича, Исроил Суриянинг 2814 метрли энг баланд тоғи ҳисобланган Хермонни эгаллаб, атиги 40 км узоқликдаги Дамашқни осонгина артиллериядан ўққа тутиш имконини қўлга киритди.
Ўнлаб йиллар давомида Исроилнинг шимолий мудофааси Суриянинг Ҳермон тоғи соясида ётарди. Минтақадаги энг муҳим табиий қалъа ҳозир Исроил қўлида. Исроил буни тинчгина амалга оширди, Суриянинг ташландиқ позицияларига ўтиб, уларни жангсиз қўлга олди.
Илгари Исроил радарлари Ҳермон тоғидан нариги ва Ливаннинг айрим қисмларини Мерон тоғидаги ўз позицияларидан кўришга тўсқинлик қилувчи муҳим кўр нуқтага эга эди. Эроннинг пастдан учувчи учувчисиз учоқлари бу заифликдан фойдаланиб, Исроилга қайта-қайта кириб келарди.
Энди эса Ҳермон тоғидаги Исроил радарлари Сурия ва Ливандан узоқларни кўради ва пастлаб учувчи самолёт ва учувчисиз учиш аппаратлари ҳақида эрта огоҳлантириш беради. Исроил разведкаси ҳам ушбу чўққидан фойдаланиб, кузатув ўтказиш ва душман алоқаларини ушлаб туриш учун сенсорларни жойлаштириши мумкин.
Тоғлар, шунингдек, Исроил қўмондонлари ва айғоқчилари учун ҳам идеал ҳимояловчи бўлиб, улар энди Сурияга эркинроқ кириб, яширин миссияларни бажара олади. Қуёш чиққач, Ҳермон тоғи "Ҳизбуллоҳ"нинг Ливан жанубидаги қароргоҳларига соя солиб, уларнинг Бекаа водийсидаги шимолий қўрғонига олиб борадиган асосий йўлни тўсиб қўяди. Хермон шимолидаги Ҳизбуллоҳнинг бир қанча контрабанда йўллари ёпилган. ИШИД, ХТС, Эрон ёки Ҳизбуллоҳ бўладими, Исроил томон олдинга силжаётган душман кучлар энди Исроилнинг дронлари, ер-ер ракеталари ва лазер ёрдамида бошқариладиган бомбалардан ҳимоясиз бўлади. Шимолий Исроил аҳолиси Исроил бу чўққини назорат қилишини билиб, эркин нафас олишлари мумкин бўлади.