11.01.2024 20:21

"Зеленскийдан сўра": БАА Нетаняхунинг фаластинлик ишчиларга пул тўлаш сўровини рад этди

БАА президенти шайх Муҳаммад ибн Зайд Ол Наҳаён Исроил бош вазири Биньямин Нетаняхунинг 7 октябрь куни ҲАМАС ҳужумидан сўнг Исроил ҳудудига кириши тақиқланган Ғарбий Соҳилдаги фаластинлик ишчиларга ишсизлик нафақаси тўлаш ҳақидаги илтимосини рад этди. Бу ҳақда Исроилнинг Axios нашри ушбу ҳодисадан хабардор расмий манбага таяниб хабар қилди.

Шайх Муҳаммад ибн Зайд Ол Наҳаён Нетаняхуга киноя ўлароқ Ғарбдан катта миқдорда молиявий ёрдам олаётган Украина президентига ишора қилиб, "Зеленскийдан сўра", деб айтган.

Исроиллик расмийнинг фикрича, ушбу рад жавоби кўплаб араб давлатларининг Исроилнинг урушдан сўнг Ғазо ва Ғарбий Соҳилда статус квони (урушдан олдинги назорат – таҳр.) сақлаб қолиши учун тўламаслигини англатади.

Исроил нима учун БААдан ёрдам сўради?

ҲАМАС билан боғлиқ можародан сўнг Исроил ҳукумати хавфсизлик нуқтаи назаридан Ғарбий Соҳилдан келиб меҳнат қилаётган 100 мингдан зиёд фаластинликларни ўз ҳудудига киришини тақиқлаб қўйди.

Фаластин иқтисодиётининг ёмонлашиб бораётгани ва уруш туфайли ишсизликнинг ортиши Исроил хавфсизлик кучлари ва Байден маъмурияти ўртасида бундай шароитлар Ғарбий Соҳилда зўравонлик ҳолатларининг кучайишига олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги қўрқувни кучайтирди.

Ўта миллатчи молия вазири Безалел Смотрич бошчилигидаги Иқтисодий вазирлар маҳкамаси Мудофаа вазирлигининг баъзи фаластинлик ишчиларни Исроилга киришига рухсат бериш таклифини рад этди.

Исроил мудофаа кучлари ва Шин Бет хавфсизлик агентлигининг босимига қарамай, Нетаньяху Смотрич ва бошқа радикал ўнг қанот вазирлар истеъфога чиқиш билан таҳдид қилганидан кейин бу масалани хавфсизлик кабинетида овозга қўймасликка қарор қилди.

Коалиция аъзоларига тўқнаш келмасдан муаммога ечим топишга ҳаракат қилган Нетаньяху бошқа давлатларни Фаластин ишчиларига ишсизлик нафақаси беришни сўраб мурожаат қилишга мажбур бўлди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.