15.04.2024 16:00
Ўзбекистон президенти Қатар ва Саудия Арабистони ТИВ раҳбарларини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ташқи ишлар вазирлари йиғилиши доирасида мамлакатимизда бўлиб турган Қатар бош вазири, ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний, шунингдек, Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Саудни қабул қилди.
Жумладан, Қатар делегацияси билан учрашувда икки томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон президенти сиёсий мулоқот жадал тус олгани, ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми фаол ошаётганини мамнуният билан қайд этди.
Мулоқот давомида қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, уларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини тезроқ яратиш муҳимлиги қайд этилди. Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Минтақавий кун тартибидаги масалалар, шу жумладан Яқин Шарқдаги вазиятнинг жиддий кескинлашаётгани юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Саудия Арабистони делегацияси билан учрашувда бўлажак тадбирлар, шу жумладан 2025 йилда ўтказиладиган “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” мулоқотининг иккинчи саммитига пухта тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, минтақавий кун тартибидаги бошқа масалалар, хусусан, Афғонистондаги вазият ва Фаластин муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан фикр алмашилди.