05.12.2024 13:43
Жанубий Корея президентига қарши тергов бошланди
Жанубий Корея полицияси фавқулодда ҳарбий ҳолат эълон қилган президент Юк Сок Ёлга қарши тергов бошлади.
AFP агентлиги суҳбатлашган ҳуқуқ-тартибот идоралари амалдаги давлат раҳбарига нисбатан тергов бошланганини тасдиқлади.
Хабарларга кўра, ҳуқуқ-тартибот идораларига иккита: мухолифатдаги Корея тикланиш партияси ва 59 нафар фаолдан президентга қарши шикоят келиб тушган.
Мурожаат муаллифлари давлат раҳбаридан ташқари собиқ мудофаа вазири Ким Ён Хён, армия бош штаби бошлиғи генерал Пак Ан Су ва ички ишлар вазири Ли Сан Минни ҳам давлатга хиёнатда айблаган.
Республика прокуратураси исёнга тайёрланишда ва давлатга хиёнатда айблаб, Мудофаа вазирлигининг собиқ раҳбари Ким Ён Хёнга мамлакатни тарк этишни тақиқлади.
Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл 3 декабрь куни 45 йил ичида биринчи марта кечқурун мамлакатда фавқулодда ҳарбий ҳолат эълон қилганди. Парламент ва сиёсий партиялар фаолияти тақиқланди. Давлат раҳбари ўз қарорини “конституциявий тартибни ҳимоя қилиш ва мамлакат ичидаги Шимолий Корея тарафдорларини йўқ қилиш” зарурати билан изоҳлади.
Ҳукумат ҳаракатларидан норози бўлиб, парламент биноси олдида намойишчилар тўпланди. Полиция парламентга киришни тўсиб қўйди ва шаҳар кўчаларида ҳарбий техника пайдо бўлди.
Бир неча соатдан сўнг 300 депутатдан 190 нафари парламентга киришга муваффақ бўлди ва ҳарбий ҳолатни бекор қилиш учун овоз берди. Мухолифат етакчиси Ли Же Мен президент қарорини “конституцияга зид” деб атади ва уни “халққа қарши” қадам сифатида қоралади. Кечроқ Жанубий Корея президенти мамлакатда жорий этилган ҳарбий ҳолатни бекор қилишга рози бўлди.
Жанубий Корея мухолифати президентга қарши импичмент лойиҳасини ҳам парламентга тақдим этди. Овоз бериш лойиҳа мажлисда кўриб чиқилганидан кейин 24-72 соат ичида ўтказилиши керак. Импичмент лойиҳасини киритишни олтита мухолифат партиясидан 191 нафар депутат қўллаб-қувватлади. Парламентда жами 300 нафар қонун чиқарувчи бор, 108 ўринни президентнинг “Фуқаролик кучи” партияси эгаллаб турибди. Импичмент эълон қилиш учун 200 овоз керак.