Халқаро суд Исроилга Ғазодаги ҳарбий тажовузни дарҳол тўхтатишни буюрди
Исроилнинг давом этаётган тажовузи туфайли Ғазодаги гуманитар вазият оғирлашар экан, қўшимча вақтинчалик чоралар кўриш зарур. Бу ҳақда Халқаро суднинг Ғазо секторида гумон қилинаётган геноцид бўйича ЖАР қўзғатган иш доирасида чиқарилган қарорида айтилади.
Халқаро
суд Исроилга ҳарбий тажовузни ва "фаластинликларнинг қисман йўқ қилинишига
олиб келиши мумкин бўлган" яшаш шароитларини яратишга олиб келадиган барча
ҳаракатларни дарҳол тўхтатишни буюрди.
Ҳукмга кўра, Исроил Фаластин анклавидаги асосий хизматлар ва инсонпарварлик ёрдамларига тўсиқсиз киришни таъминлаш учун Ғазо сектори ва Миср ўртасидаги чегарада жойлашган “Рафаҳ” пунктини очиқ қолдириши керак.
ҲАМАС мазкур қарор юзасидан муносабат билдирар экан, Халқаро суддан нафақат “Рафаҳ”, балки бутун Ғазодаги тажовуз ва геноцидни
тўхтатиш ҳақида қарор чиқаришини кутганини маълум қилди.
“Биз
халқаро ҳамжамият ва БМТни босқинчиларни ушбу резолюцияни зудлик билан
бажаришга мажбур қилишлари учун босим ўтказишга ҳамда 7 ойдан
ортиқ вақт давомида халқимизга қарши кураш олиб бораётган сионист босқинчи армияни
геноцид урушини тўхтатишга мажбурловчи БМТнинг барча резолюцияларини реал ва
жиддий қўллашни бошлашга чақирамиз”, - дейилади баёнотда.