Туркия ва Эрон: узоқ йиллик рақобатнинг янги “истиқболлари”
Суриядаги эврилиш минтақавий кучлар мувозанатини қайта шакллантирар экан, Туркия ва Эрон ҳал қилувчи танлов қаршисида турибди. Бу узоқ йиллик рақобатни янада кучайтириши мумкин.
1639 йилда имзоланган Қаср-и Ширин битими Туркия ва Эрон ўртасидаги чегараларни белгилаб берган эди. Бу чегаралар асрлар оша ўзгаришсиз қолди, империяларнинг юксалиши ва қулашига, урушлар ва минтақавий кучлар мувозанатидаги эврилишларга бардош бера олди. География ўзгармаган бўлса-да, икки давлат ўртасидаги муносабатлар кўпинча янгиланиб турди, баъзан аста-секинлик билан бўлса, баъзан кескин тарзда. Башар Асад ҳокимиятдан кетгандан сўнг Сурия янги даврга қадам қўяр экан, бу тарихий мувозанат янги ва жиддий синовларга дуч келмоқда.
Туркия ва Эрон ўртасидаги рақобат минтақанинг ўзгармас хусусиятларидан бири, худди уларнинг ерларидан оқиб ўтадиган дарёлар каби доимий бўлиб келган. Бу нафақат жанг майдонида, балки ўз халқининг қалби ва онгида ҳам амбициялари тўқнашган икки империя – Усмонийлар ва Сафавийлар ҳақидаги ҳикоядир. Усмонийлар ғарбга юриш қилган бўлса, Сафавийлар ўзларининг мазҳаб ва сиёсий мақсадларидан келиб чиқиб, шарқдан ҳужум қилган.
Бироқ уларнинг умумий тарихи фақат зиддиятлардангина иборат эмас. Буюк Ипак йўли бўйлаб савдогарлар ўзаро товар, ғоя ва маданият айирбошлаб, улар ўртасидаги фарқ ва тафовутларни енгиб ўтувчи алоқаларни ўрнатганлар. Истанбул ва Исфаҳон каби шаҳарларда шоирлар ва олимлар, гарчи айни чоғда уларнинг ҳукмдорлари навбатдаги урушга тайёргарлик кўраётган бўлса ҳам, бир-бирларининг асарларидан илҳом олишган. Рақобат ва айирбошлашдаги бу уйғунлик бугунги кунда ҳам уларнинг муносабатларини, шубҳа ва ўзаро боғлиқликнинг нозик мувозанатини шакллантирмоқда. Минтақа янги ва мураккаб муаммоларга дуч келганда, бу давлатлар қарор қабул қилишда ўзларининг умумий ўтмишидан ўзига хос сабоқ ва хулосалар олишади.
Эроннинг тобора ортиб бораётган муаммолари
Башар Асад ва Баас режимининг ағдарилиши нафақат минтақа учун бурилиш нуқтаси, балки Эроннинг интилишлари учун жиддий зарба ҳамдир. Асад Эроннинг Яқин Шарқдаги энг муҳим иттифоқчиси бўлиб, Теҳронга Ўрта ер денгизига чиқиш имкониятини берган ва “Ҳизбуллоҳ” каби вакил кучлар орқали ўз таъсирини кенгайтиришга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган эди. Асаднинг кетиши билан Эроннинг Суриядаги стратегияси барбод бўлди.
Эрон ҳарбий ёрдам, пул ва дипломатик қўллаб-қувватлаш орқали Асадни ҳокимиятда ушлаб туриш учун катта миқдорда маблағ сарфлади, аммо барибир уни сақлаб қола олмади. Эрон томонидан қўллаб-қувватланган тузилмалар, жумладан “Ҳизбуллоҳ”, Суриядаги муҳим ҳудудларни сақлаб қолиш учун қаттиқ курашди, аммо пировардида мағлуб бўлди. Бу нафақат Теҳрон учун стратегик йўқотиш, балки рамзий мағлубият ҳамдир. Асаднинг қулаши Эроннинг сунний аҳоли устунлик қиладиган минтақада шиалик ҳимоячиси сифатидаги мавқеига ҳам путур етказди.
Эроннинг Суриядаги ҳаракатлари кенг танқидларга сабаб бўлди. Унинг вакил кучлари тинч аҳолига нисбатан шафқатсиз ҳужумлар, очарчиликка олиб келган қамаллар ва бутун бошли жамоаларни мажбуран кўчириш каби ҳарбий жиноятларда айбланди. Халқаро гуманитар ҳуқуқ ва Женева конвенцияларини бузувчи бу ҳаракатлар Суриянинг азоб-уқубатларини янада кучайтирди ва Эроннинг халқаро обрўсига жиддий зарар етказди.
Асад
ҳокимиятдан кетгач, Эроннинг минтақадаги таъсири пасайишда давом этмоқда.
Ироқда Теҳрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳарбий кучларга актив эмас,
балки муаммо сифатида қаралмоқда, чунки маҳаллий аҳоли уларнинг мавжудлигига
тобора кўпроқ қаршилик билдирмоқда. Ироқ ва Суриядан ташқари, Эрон ҳукумати
ички муаммоларга ҳам эътибор қаратиши лозим, зеро, у иқтисодиёт таназзулга юз
тутиб, оммавий норозиликлар кучайиб бораётган бир пайтда Суриядаги ресурсларни
совургани учун кескин танқидларга учрамоқда. Боз устига, Асаднинг ағдарилиши
Эроннинг вакил кучлар тармоғининг заифлигини фош этди ва унинг кенг минтақавий
стратегиясини издан чиқарди.
Ҳуқуқий масалалар
Эроннинг Суриядаги қийинчиликлари Асадни йўқотиш билангина чекланмайди. Вакилларининг хатти-ҳаракатлари ҳам жиддий ҳуқуқий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Очлик тактикаси, мазҳаблараро зўравонлик ва тинч аҳолига нисбатан шафқатсиз ҳужумлар каби ҳаракатлар халқаро ҳуқуқда ҳарбий жиноятлар ҳисобланади.
Халқаро жиноий суднинг (ХЖС) Рим статути бундай ҳаракатлар учун жавобгарликни талаб қилади. Бироқ Сурия ҳам, Эрон ҳам ХЖС аъзоси эмас, бу эса адолатни таъминлашни қийинлаштиради. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонидан ХЖСга тақдим этилган йўлланмалар кўпинча сиёсий келишмовчиликлар туфайли тўсқинликка учрайди. Ушбу тўсиқларга қарамай, мустақил ташкилотлар келгусида ҳуқуқий чора кўриш имкониятини сақлаб қолган ҳолда бу жиноятларни ҳужжатлаштирдилар.
Суриядаги вазиятдан ташқари, Эроннинг ядро дастури ҳамон жиддий хавотир уйғотмоқда. Эрон имзолаган Ядро қуролини тарқатмаслик шартномаси (ЙҚТС) ядро қуроллари ишлаб чиқаришни тақиқлайди. Бироқ Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) маълумотларига кўра, Эрон ўз мажбуриятларини бузиш сари тобора яқинлашмоқда.
ЙҚТС Эронга ядро энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишга рухсат берса-да, уранни қурол ҳолатига яқин даражада бойитишга йўл қўймайди. Бу Эроннинг ниятлари ҳақида жиддий саволлар туғдиради. Агар Эрон шартномани бузса, у қаттиқроқ халқаро санкцияларга ёки БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан мувофиқлаштирилган ҳаракатларга дуч келиши мумкин.
Яқин Шарқда ядро қуроллари пойгаси аллақачон беқарор бўлган минтақани янада нотинчлаштиради ва ядро қуролларининг тарқалишини чеклаш бўйича ўн йиллик саъй-ҳаракатларни йўққа чиқаради.
Чорраҳадаги рақиблар
Қадим замонда Туркия ва Эрон чегараси яқинидаги саҳро йўлида бир савдогар турарди. У ўтмишдаги хиёнатлар хотираси ва келажакдаги савдо умидлари ўртасида аросатда қолган эди. Кейин у эҳтиёткорлик билан келажак томон олға юришга қарор қилди. Бугун Туркия ва Эрон худди шундай танлов олдида турибди.
Туркия учун Асад ҳокимиятдан кетганидан кейинги вазият ҳам хавф, ҳам имкониятлар туғдиради. Эрон таъсирининг камайиши Туркияга минтақавий жараёнларни кўпроқ назорат қилиш имконини бериши мумкин. Шу билан бирга, беқарорлик қўшни ҳудудларга ҳам тарқалиб, Туркия манфаатларига таҳдид солиши мумкин. Бу вазиятни бошқариш пухта дипломатия ва стратегик устуворликларга кучли эътибор қаратишни талаб қилади.
Эрон учун таваккалчилик янада юқори. Асадни йўқотиш унинг ресурсларини тугатди ва обрўсига путур етказди. Энди Эрон минтақадаги таъсирининг пасайиши, ички тартибсизликларнинг кучайиши ва иқтисодий қийинчиликларнинг ортиши билан юзлашмоқда. Асаднинг қулаши ҳаддан ташқари кенгайиш хавфи ва муваффақиятсиз стратегиялар ҳақида муҳим сигнал бўлиб хизмат қилмоқда.
Туркия ва Эрон бу чорраҳада турган бир пайтда, улар қабул қиладиган қарорлар нафақат ўз келажакларига, балки бутун Яқин Шарқнинг барқарорлигига ҳам улкан таъсир кўрсатади. Уларнинг тарихи рақобат ва ҳокимият учун курашлар билан лиммо-лим, ишончдан кўра кўпроқ зарурат туфайли юзага келган беқарор ҳамкорлик даврлари билан ажралиб туради. Келгуси йиллар кескинликни оширадими ёки нозик мувозанатни юзага келтирадими, бу энди уларнинг ўзгараётган шароитларни ўз манфаатларига аниқ кўзлаган ҳолда бошқариш қобилиятига боғлиқ бўлади.
Истиқбол ноаён, лекин бир нарса аниқ: ҳозир қабул қилинаётган қарорлар минтақада авлодлар ҳаётида чуқур из қолдиради.
DailySabah материаллари асосида тайёрланди