29.11.2024 07:18

Сурияда эронлик генерал ўлдирилди

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) қўмондонлиги бригада генерали Қаюмарс Пурхашимий Сурия ҳукуматига қарши қуролли гуруҳларнинг Ҳалаб ғарбига уюштирган ҳужуми чоғида ўлдирилгани тахмин қилинмоқда.

ИИҚКа яқинлиги билан танилган Эроннинг ярим расмий Tasnim ахборот агентлиги хабарига кўра, “ҳарбий маслаҳатчи” сифатида таърифланган бригада генерали Пурхашимий Ҳалаб яқинида Сурия мухолифатининг ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган.

Ҳисоботда Пурхашимийнинг ҳарбий вазифалари ҳақида батафсил маълумот берилмаган.

Маълумот учун, икки кундан бери Суриянинг Ҳалаб ва Идлиб вилоятларида Башар ал-Ассад режими ва ҳукуматга қарши қуролли "Ҳайъат Таҳрир аш-Шам (ҲТШ) гуруҳи ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда.

Тўқнашувлар чоғида режим мухолифлари Асад режими назорати остидаги жами 39 қишлоқни қўлга киритди.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.