09.01.2025 11:39

Туркия Сурияда қуруқлик ҳарбий амалиёт ўтказишга тайёрланмоқда

Туркия Суриянинг янги ҳукуматидан террорчи гуруҳларга қарши зарур чораларни кўришни сўраш билан бир қаторда, ушбу мамлакат ҳудудида қуруқликда ҳарбий амалиёт ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда Türkiye Gazetesi хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Туркия қуролли Курдистон ишчи партиясини (ПКК/ЙПГ) Суриядан батамом йўқ қилиш мақсадида чегарадаги қўшинларини шай ҳолатга келтирган.

"Анқара ҳам Ироқда, ҳам Сурияда ПКК террор ташкилотини йўқ қилишнинг барча сценарийларига тайёр", - деган нашрнинг мамлакат Мудофаа вазирлигидаги манбаси. 

Бир вақтнинг ўзида Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан ва миллий мудофаа вазири Яшар Гулер, шунингдек, бошқа юқори мартабали мансабдорлар ҳарбий амалиёт учун барча зарур чоралар кўрилганини таъкидлаган.

Анқаранинг режаси икки босқичдан иборат. Биринчи босқичда Суриядаги хорижлик ПКК аъзолари ҳеч қандай шартсиз мамлакатни тарк этади. Иккинчи босқичда эса Суриялик ЙПГ қўмондонлари қуролларини ташлайди ёки янги тизимга қўшилади.

Сурия Миллий армияси (СМО) ҳам “Тинчлик булоғи” операцияси ҳудудида оғир қуролларни жойлаштирган. Улар Ҳалаб ва Раққа вилоятларидаги стратегик нуқталарни мустаҳкамламоқда.

Рас ал-Айн қўмондонининг айтишича, фронт чизиқларидаги барча ҳарбийлар тўлиқ тайёргарлик ҳолатига келтирилган.

Туркия АҚШнинг ИШИДга қарши кураш баҳонаси билан ПКК/ЙПГни қўллаб-қувватлашини кескин танқид қилмоқда. Анқара Сурия ҳукуматига ИШИД аъзоларини назорат қилиш мажбуриятини юклаши мумкинлигини билдирди.

Шу билан бирга, хорижлик ИШИД жангарилари, жумладан, Европадан келганлар ўз давлатлари томонидан қабул қилинмаётгани муаммо бўлиб қолмоқда.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.