03.02.2025 16:05
Трамп Жанубий Африкага барча ёрдамни тўхтатишини эълон қилди
АҚШ президенти Дональд Трамп Жанубий Африка Республикасида ер-мулкларни мусодара қилиш ва айрим тоифадаги одамларга нисбатан ёмон муносабатлар туфайли ушбу мамлакатга барча молиявий ёрдамни тўхтатишини маълум қилди. У ўз баёнотида:
"Жанубий Африка ер-мулкларни мусодара қилмоқда ва айрим тоифадаги одамларга нисбатан жуда ёмон муносабатда бўлмоқда. Ҳамманинг кўз ўнгида инсон ҳуқуқларининг қўпол тарзда бузилиши содир бўлмоқда. Қўшма Штатлар бунга тоқат қилмайди. Ушбу вазият тўлиқ текшириб чиқилмагунча, Жанубий Африкага келгусидаги барча молиявий ёрдамни тўхтатиб қўяман", дея таъкидлаган.
Маълумот учун, Жанубий Африка Республикаси яқинда Исроилдан барча дипломатларини чақириб олган ва бош вазир Биньямин Нетаньяхуга қарши геноцид ишида асосий рол ўйнаган давлатлардан бири ҳисобланади.