08.04.2025 09:48
125
Трамп Эронни босим остида ушлаб туриб, нимага эришмоқчи?
АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан ядровий дастур бўйича бевосита музокаралар бошланишини эълон қилди. У, агар Теҳрон ядровий қурол ишлаб чиқишдан воз кечмаса, “кучли оқибатлар” юз беришини таъкидлади. Бу ҳақда AP News нашри хабар қилди.
Трамп бу баёнотни Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху билан Оқ уйда учрашганидан сўнг берди. Музокаралар шанба куни бошланиши режалаштирилган.
Бироқ, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий музокаралар билвосита — Уммон воситачилигида — ўтказилишини билдирди. “Бу имконият, лекин синов ҳам. Бу сафар “тўп” АҚШ томонида”, деб ёзди у ўзининг Х ижтимоий тармоқ саҳифасида.
Трамп аввалроқ Эронни ҲАМАС, “Ҳизбуллоҳ” ва Яманлик хусийлар ҳаракатларини қўллаб-қувватлаётганликда айблаб, Теҳронни ядровий дастурни тўхтатишга чақирди. Бунинг ортидан у агар келишувга эришилмаса, “мисли кўрилмаган уруш” хавфи борлигини айтиб, Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийга мактуб йўллаган эди.
Мутахассислар фикрича, Трамп Эронни босим остида қолишга мажбур қилиб, Исроил ва Саудия Арабистони ўртасида муносабатларни нормаллаштиришни кўзламоқда. Бу Ғазодаги можаро фонида Эрон учун стратегик таҳдидга айланиши мумкин.