20.03.2025 19:56
389

Теҳрон Трампнинг мактубига яқин кунларда жавоб беради

Эрон АҚШ Президенти Доналд Трампнинг олий диний раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманеийга йўллаган мактубига яқин кунларда жавоб беришини маълум қилди. 

"Биз босим, таҳдид ва санкциялар шароитида бевосита музокаралар олиб бормаймиз. Трампнинг хатига яқин кунларда жавоб берамиз ва уни тегишли каналлар орқали етказамиз", деди Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий давлат телеканали эфирида.  

Аввалроқ, 7 март куни Доналд Трамп Fox Business телеканалига берган интервюсида Оятуллоҳ Хоманеийга мактуб йўллаганини ва унда ядровий дастур бўйича музокара таклиф қилганини билдирган эди.  

"Агар Эрон музокараларга рози бўлмаса, бу улар учун жуда ёмон бўлади. Улар ядровий қуролга эга бўлмаслиги керак", деган эди АҚШ президенти.  

Эрон олий диний раҳбари АҚШнинг мақсади муаммоларни ҳал қилиш эмас, балки ўз шартларини мажбурлаб қабул қилдириш ва ҳукмронлик ўрнатиш эканини таъкидлаб, Теҳрон бунга рози бўлмаслигини билдирди.  

Шундан сўнг, 12 март куни Бирлашган Араб Амирликлари Президенти маслаҳатчиси Анвар Гаргаш Теҳронда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий билан учрашиб, Трампнинг мактубини топширган.  

Axios нашрининг АҚШдаги манбаларига кўра, Трамп Эронга ядровий келишувга эришиш учун икки ой муддат берган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.