01.08.2024 16:06

Таҳлил - ҲАМАС етакчисининг ўлдирилиши минтақа учун нимани англатади?

2023 йил 7 октябрь воқеаларидан буён Ғазо секторидаги урушнинг бутун Яқин Шарқ минтақасига тарқалиш хавфи атрофида кўплаб шарҳлар ва миш-мишлар пайдо бўлди.

Бироқ 27 июль куни Голан тепаликларидаги Маждал Шамс шаҳрида содир бўлган воқеа Ғазодаги уруш янги босқичга ўтганидан далолат беради.

Исроил бу воқеадан фойдаланиб, Ҳизбуллоҳнинг етакчи қўмондони Фуад Шукрни (Ҳожи Муҳсин) ўлдириш учун Байрутга ҳаво ҳужуми уюштиргани ва орадан 12 соат ўтиб Эрон пойтахтида Эрон президенти Масуд Пезешкияннинг қасамёд маросимида қатнашган Исмоил Ҳанияни Теҳронда ўлдиргани минтақада уруш оловининг янада тарқалишига бўлган ишончни оширади.

27 июль куни друзларнинг Голан тепаликлари шимолидаги Маждал Шамс шаҳрига ракета келиб тушди. Снаряд сунъий қопламали футбол майдонига тушди. Ҳодисада 12 киши, жумладан, болалар ҳалок бўлган. Исроил воқеада Ливан Ҳизбуллоҳ ҳаракатини айблади.

Ҳодиса атрофидаги ташвиқот кампанияси муваффақиятсизликка учраганига қарамай, Исроил ҳужумни Ғазодаги урушни "минтақавийлаштириш" учун асосий воситага айлантирди.

Ҳизбуллоҳга қарши кенг кўламли ҳужум бошлаш нияти ҳақидаги баёнотларига қарамай, Исроил гуруҳ билан курашишнинг иложи йўқлигини тан олади. Чунки у бугунги кунда 2006 йилги уруш давридагидан анча кучли. Бундан келиб чиқиб, Исроил қуруқликдаги операция ўрнига Байрутга ҳаво ҳужуми уюштиришга қарор қилди. У вазиятни янада мураккаблаштириш мақсадида дарҳол Теҳронда худди шундай ҳужум уюштирди.

Ушбу ҳужумларни амалга ошириш қарори учта мақсад атрофида тузилган деб таъкидлаш мумкин.

Биринчидан, Исроил ўзини нодавлат актёрдан мунтазам армияга айлантирган Ҳизбуллоҳ билан ёлғиз ўзи тўқнаш келмаслик ҳамда Ҳизбуллоҳнинг жавоб зарбалари ортидан АҚШ ва бошқа иттифоқчиларни жалб қилишни ният қилган кўринади. Исроил жуда яхши биладики, агар Ҳизбуллоҳга қарши якка ўзи курашиши керак бўлса, ҳатто Ливанда катта вайронагарчиликларга сабаб бўлганидан кейин ҳам, ўз мавжудлиги учун жиддий муаммоларга дуч келади ва бунга қарши туриш жуда қийин бўлади.

Исроил Ҳизбуллоҳ устидан ғалаба қозонишига ишончи комил бўлганида эди, аллақачон қуруқликдаги операцияни бошлаган бўларди. Аммо ҳозирги вазият Исроил Ҳизбуллоҳнинг кучидан қўрқиши, бу "муаммо"ни иттифоқчилар иштирокидаги кенгайтирилган уруш орқали ҳал қилиши мумкинлигига ишонишидан дарак беради.

Иккинчидан, Исроил бу қотилликларни ҳозирги вазиятдан чиқиш йўли деб билади, чунки Ғазо секторида содир этган барча қирғинларга қарамай, Фаластин қаршилик кучларини синдира олмаслигини тушунади. Шу тариқа, у Ғазодаги ҳарбий муваффақиятсизлигини кенгроқ минтақавий уруш билан ёпишни ёки ҲАМАСнинг қуруқликдаги кучини қўмондонлик даражасида заифлаштириш орқали зарарсизлантиришни режалаштирмоқда.

Учинчидан, Исроил "қаршилик ўқи"нинг табиий ўсишига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда.

Юқорида айтиб ўтилган қотилликлардан кейинги воқеалар ривожланишининг эҳтимолий сценарийларини учта нуқтада санаб ўтиш мумкин.

Биринчидан, бу жараён кенгайтирилган урушга айланиши мумкин. Унинг тўғридан-тўғри минтақавий урушга айланиши эҳтимолини истисно қилсак ҳам, "ярим минтақавий уруш" эҳтимоли деярли остонада. Эрон урушда тўғридан-тўғри иштирок этмасликни афзал кўраётганига қарамай, эронпараст гуруҳлар, хусусан, Ҳизбуллоҳ ва ҳусийлар (Ансоруллоҳ) кучайиб бораётган можарода иштирокини кучайтиради, десак хато бўлмайди. Эскалация Исроилнинг Ҳайфа ва Тел-Авив атрофидаги марказий ҳудудларига йўналади ва бунга қарши ўлароқ Исроилнинг яқинда содир этилган қотилликлар каби, ҳаво ва денгиз операцияларини кучайтиришига олиб келади.

Иккинчи сценарий – ўрта миқёсдаги ҳужумлар орқали мавжуд тортишув қоидаларидан ташқарига чиқиш. Апрель ойида Эроннинг Исроилга ракета ва учувчисиз учоқлар билан уюштирган ҳужумини мисол қилиб келтириш мумкин.

Учинчи сценарий Эрон ва Ҳизбуллоҳнинг эскалациянинг кучайишига йўл қўймаслик учун олдинги ўзаро муносабатлар қоидаларига амал қилишда давом этишини назарда тутади, бу ҳам жуда даргумон кўринади.

Шундай қилиб, биз нафақат Ғазодаги уруш шароитида, балки минтақавий вазиятда ҳам "ғишт қолипдан кўчган" деган хулосага келишимиз мумкин.

Бироқ бу қай даражада ва қанча вақт ичида содир бўлишини томонларнинг воқеаларга муносабатини олдиндан айтиш қийин бўлади.

Доктор Талҳа Исмоил Думан, Туркиянинг Сакаря университети Яқин Шарқ институти илмий ходими. Яқин Шарқ ва Ливандаги исломий ҳаракатлар ҳақида тадқиқот олиб боради.

Манба: “Анадолу” АА

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.