31.07.2024 13:59
ҲАМАС ҳаракати етакчисининг ўлдирилишига муносабатлар
ҲАМАС етакчисининг Исроил томонидан ўлдирилиши дунё кун тартибини ўзгартириб юборди. Етакчи мамлакатлар раҳбарлари, ташқи сиёсат идоралари ва ташкилотлар ўз муносабатини билдирмоқда.
Эрон олий раҳнамоси Али Хоменеи Ҳаниянинг "қони учун қасос олишга" ваъда берди. "Бу бизнинг бурчларимиздан бири, чунки қотиллик бизнинг ерларимизда содир бўлди", – деди у.
Хитой ҳам Фаластин Ҳаракати етакчисининг ўлдирилишини қоралади. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Ҳаниянинг ўлдирилиши минтақадаги беқарорликка олиб келиши мумкин бўлган хавфли эскалация эканлигини айтди.
АҚШ Ҳамас етакчисининг ўлдирилишидан кейин Исроил жавоб чораларига учраса, унга ёрдам беришга ваъда берди.
Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов воқеани мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган сиёсий қотиллик деб атади. РФ ТИВ барча томонларни вазминликка чақирди.
Иордания Фаластин ҳаракати етакчисининг ўлдирилишини жиноят деб атади: “Иордания Исроил томонидан Фаластиндаги Исломий Қаршилик Ҳаракати (ҲАМАС) сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаниянинг, Аллоҳ раҳмат қилсин, Эрон пойтахти Теҳронда халқаро ҳуқуқ ва халқаро инсонпарварлик ҳуқуқини бузган ҳолда ўлдирилишини кескин қоралайди. Бу минтақада янада кескинлик ва тартибсизликка олиб келадиган жиноятдир”.
Қатар бу қотилликни “бемулоҳаза жирканч жиноят, хавфли эскалация ҳамда халқаро ва инсонпарварлик қонунларини қўпол равишда бузиш” деб атади.
Малайзия Ташқи ишлар вазирлиги: “Малайзия ушбу қотилликни зудлик билан ва чуқур тергов қилишни ҳамда айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилади”.
Афғонистон ҳукумати: “Мусулмон учун шаҳидлик катта ғалабадир. Аллоҳдан Исмоил Ҳанияга мангу жаннат, унинг оиласига ва барча [Фаластинлик] жангчиларга куч-қувват беришини тилаймиз. [...] Биз нуфузли давлатларга, хусусан, ислом ва араб дунёсига сионистлар босқинининг олдини олиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришга чақирувимизни такрорлаймиз”.
Яман ҳусийлари ҲАМАС етакчисининг ўлдирилиши муносабати билан уч кунлик мотам эълон қилди. Ҳаракат Ҳаниянинг ўлдирилиши террорчилик ҳаракати эканлигини таъкидлади.