13.01.2024 16:44

Тайвандаги президентлик сайловида АҚШга яқинлашиш тарафдори Лай Циндэ ғалаба қозонди

Тайвандаги президентлик сайловларида ҳукмрон Демократик прогрессив партия (ДПП) вакили Лай Циндэ ғалаба қозонди. Бу ҳақда Focus Taiwan ва BBC News хабар берди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 64 ёшли Лай Циндэ қарийб 42 фоиз овоз тўпламоқда.

Хитой билан яқинлашиш тарафдори бўлган Гоминьдан партияси номзоди Хоу Юи мағлубиятини тан олди. У 33 фоиз овоз тўплади. Учинчи номзод, Тайван Халқ партияси (ТХП) раҳбари Кэ Вэньчжэ эса 25 фоизга яқин овоз олди.

Лай Циндэ Тайваннинг амалдаги вице-президенти ва ДПП раҳбари. У ўзини "Тайван мустақиллиги учун прагматик курашчи" деб атайди ва Тайван аллақачон суверен, мустақил давлат эканлигини таъкидлайди. Time нашрига берган интервьюсида у Тайван Хитой билан дўст бўлишга умид қилишини айтди. “Биз душман бўлишни хоҳламаймиз. Хитой раҳбари Си Цзинпинни Тайванда кўришдан хурсанд бўламиз ва унга Тайван тансиқ таомларини тайёрлаймиз”, - деган.

Лай Циндэ, шунингдек, АҚШ билан алоқаларни ва ўз мамлакатининг мудофаа қобилиятини ривожлантиришда давом этишини айтди.

Bloomberg агентлиги Америка маъмуриятидаги манбасига таяниб, Хитой раҳбари Си Цзиньпин АҚШ президенти билан учрашувда Лай Циндэнинг эҳтимолий ғалабасидан «ташвишда» эканини билдирганини ёзди. Си Цзиньпин ўзининг янги йил табрикномасида Тайван билан қайта бирлашиш “тўхтатиб бўлмайдиган тарихий тенденция” эканини таъкидлаган.

Президентлик сайловларида овоз бериш Пекиннинг ҳарбий манёврлари фонида бўлиб ўтди. Тайван Мудофаа вазирлиги охирги 24 соат ичида Хитойнинг саккизта самолёти ва олтита ҳарбий кемаси оролга яқинлашгани ҳақида хабар берди. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.