19.08.2024 09:10

Швецияда мусулмон ходим аёл киши билан қўл бериб кўришмагани учун ишдан бўшатилди

 Швецияда мусулмон ходим биринчи иш кунининг ўзидаёқ ислом қоидаларига риоя қилган ҳолда аёл киши билан қўл бериб кўришмагани учун ишдан бўшатилди, деб ёзди SwedInfo.

Эркак Хэррид шаҳри ҳокимлигига ишга жойлашган эди. Аёл ҳамкасби у билан танишар экан, кўришиш учун қўлини узатган, бироқ диндор хизматчи Исломда бегона аёлларларга тегиниш тақиқлангани ва у фақат яқин қариндошлар билан қўл бериб кўришиши мумкинлигини айтиб, уни сиқишдан бош тортган.

Раҳбарият янги ходимнинг диний қарашларига ҳурмат кўзи билан қарамасдан, дарҳол меҳнат шартномасини бекор қилди. Ишдан бўшатилган шахс буни диний камситиш деб ҳисоблаб, Омбудсманга ариза билан мурожаат қилган. Ҳозирда иш кўриб чиқилмоқда.

Бу борада ҳали қарор қабул қилинмаган. Агар омбудсман камситиш содир бўлганини аниқласа, ҳокимлик зарарни тўлашга мажбур бўлиши мумкин.

“Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги қарорга аёл ходималарнинг уларга нисбатан бошқача муносабатда бўлгани ва бу фақат уларнинг жинсига боғлиқ экани сабабли ўзларини ҳақоратланган ҳис қилишлари сабаб бўлган. Ходимлар жинси ёки жинсий ориентациясидан қатъи назар, бир-бирлари билан саломлашишлари керак. Бошқа ходимлар билан жисмоний алоқа зарур бўлганда, у ўз вазифаларини тўлиқ бажара олмайди, деган асосли хавотирларимиз бор. У мижозларимиз билан жисмоний алоқада ноқулайлик туғдиради, бу уларга салбий таъсир қилади", деди Хэррид ҳокимлиги.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.