10.12.2024 14:39

Суриянинг Седная қамоқхонасидаги махфий бўлмаларнинг барчаси текширилди - "Оқ дубулғалилар"

Сурияда ағдарилган режимнинг қийноқлар маркази бўлган Седная қамоқхонасидаги махфий камераларда маҳбусларни излаган гуруҳлар муассаса ичида очилмаган жой қолмагани учун қидирувларни якунлади. "Оқ дубулғалилар" деб ном олган Сурия Фуқаролик Мудофаа гуруҳи Х саҳифасида бу ҳақда маълум қилди.  

Баёнотда эксперт гуруҳлари томонидан қамоқхонанинг барча бўлимлари, ертўлалари, ҳовлилари ва атрофидаги ҳудудларда кенг қамровли тинтув ишлари олиб борилгани таъкидланиб, “Тинтув чоғида муассаса ичида ҳеч қандай очилмаган ёки яширин жойлар аниқланмади” деб қўшимча қилинди. 

Баёнотда операциялар қамоқхона ва унинг тартибини билган одамлар ёрдамида амалга оширилгани, очилмаган махфий камералар ёки ертўлаларга оид ҳеч қандай далил топилмагани таъкидланди. 

Халқаро ташкилотлар томонидан эълон қилинган хабарларга кўра, Дамашқдан 30 километр узоқликда жойлашган ва қулаган режим Мудофаа вазирлигига қарашли Седная ҳарбий қамоқхонаси 2011 йил март ойидаги воқеалардан кейин режимга қарши намойишчилар сақланадиган базага айлангани таъкидланмоқда. 

Сурияда ағдарилган Баас режими ҳукмронлиги даврида Седная қамоқхонасидан бошқа ўнлаб марказларда минглаб одамлар қийноққа солинган. 50 дан ортиқ бу марказлар мамлакатнинг деярли барча вилоятларида ташкил этилган.

Сурия Инсон Ҳуқуқлари Тармоғи (SNHR) маълумотларига кўра, ағдарилган режим кучлари фуқаролик уруши давомида камида 1,2 миллион сурияликни ҳибсга олган ва турли қийноқларга учраган. SNHR ҳисоботида айтилишича, Баас режими жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонлик каби 72 хил қийноқларни қўллаган.

Режимнинг жисмоний қийноқлар амалиётига жабрланувчи танасининг турли қисмларига қайноқ сув қуйиш, жабрланувчининг бошини сувга ботириш орқали бўғилиш ҳиссини бериш, жабрланувчининг танасини электр таёқ билан ток урдириш, жабрланувчини металл стулга яланғоч ҳолда ўтирғизиб, электр токи урдириш, елим халтани куйдириб, танасига томизиш, танасида сигаретани ўчириш, жабрланувчининг бармоқларини ёндиргич билан куйдириш, қиздирилган металлни тананинг турли қисмларига тегизиш орқали терини куйдириш, танага қизиган мой томизиш, ёнувчан пестицидларни танага қуйиб куйдириш каби ғайриинсоний усуллар қўлланилган.

Ҳисоботларда қайд этилишича, 2011-2015 йиллар оралиғида ҳар ҳафта, баъзан ҳар икки ҳафтада 50 га яқин одам осилган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.