09.12.2024 16:36

Сурия режимининг қулаши араб минтақаси учун нимани англатади?

8 декабрь куни икки ҳафтадан камроқ давом этган тезкор ҳужумдан сўнг Сурия мухолифат кучлари Дамашққа кириб, Башар Асад режимининг тугатилганини эълон қилди. Сурия президенти ва унинг оиласи қўзғолончилар пойтахтга киришидан олдин номаълум йўналишда учиб кетгани тахмин қилинган эди. Кейинроқ улар Москвага етиб боргани хабар қилинди.

Асад оиласининг ярим асрлик ҳукмронлигига чек қўйган Сурия ҳукуматига қарши қўзғолон Иккинчи жаҳон уруши тугагани ва 1948 йилда Исроил ташкил этилганидан кейинги замонавий араб минтақасидаги энг муҳим сиёсий бурилиш нуқталаридан бири сифатида қаралиши керак. Бу 1950 йиллардан бери араб жамиятларида ҳукмронлик қилиб, уларни вайрон қилган ҳарбий асосга эга араб автократлари мероси билан узил-кесил алоқанинг узилишини кўзда тутади.

Кўпчилик Асаднинг ағдарилганини ҳақли равишда олқишламоқда, бошқалар эса Сурияда турли маҳаллий ва ташқи кучларнинг аралашуви туфайли бундан кейин нима бўлиши борасида хавотирда. Сурия халқи муносиб ҳаёт кечириш, ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлишни, овозлари эшитилишини истайди.

Айни пайтда Сурия бошқаруви ва фуқаролар уруши ҳақидаги фожиали воқеаларнинг моҳияти устида фикр юритиш ғоят муҳимдир. Асадлар давридаги Сурия фақатгина бир нечта маҳаллий золимларнигина акс эттирмайди. Аксинча, бу ярим аср давомида минтақани остин-устун қилган, халқини хўрлаган, минтақавий ва буюк кучлар ҳамда турли нодавлат гуруҳлар ёрдамида ҳаракат қилган шафқатсиз араб давлат ҳокимиятининг намунасидир.

Асад режими араб минтақасида ҳукмронлик қилган энг узоқ муддатли ҳарбий, чет эл томонидан дастакланган ва кланликка асосланган автократик ҳукумат бўлиб, у халқини, иқтисодиётини ва миллий яхлитлигини барбод этди.

Сурия тажрибаси умумий араб автократиясининг барча заифлаштирувчи белгиларини намоён этади. Булар кенг қамровли бўлиб, араб жамиятларидан тизимли равишда йўқ қилиниши керак. Буларга ишончли иштирокчи институтлар орқали ҳақиқий плюрализм ва ҳисобдорликнинг йўқлиги; ҳарбийлар ва полиция зулми, оммавий қамоққа олиш, қийноқлар ва ўлимга асосланган ўта қаттиқ бошқарув; элита ўртасида коррупцияни ва бутун мамлакат бўйлаб чуқур тафовутларни келтириб чиқарадиган марказлаштирилган иқтисодий режалаштириш; фуқаролар ва давлат ўртасида ҳукм остидагиларнинг розилиги ва иродасини акс эттирадиган сиёсатни яратиши мумкин бўлган таркибий алоқаларнинг йўқлиги киради.

1952 йилги Миср инқилоби Исроилнинг 1967 йилда араб қўшинларини мағлубиятга учратганидан сўнг янада тезроқ кенгайган вайронкор ҳарбий араб бошқарувига ибтидо ясади. Башар Асаднинг отаси Ҳофиз кейинги йигирма йил ичида турли араб мамлакатларида ҳокимиятни эгаллаб олган ва уларни инқирозга юз тутишга мажбур қилган араб зобитларидан бири эди.

Бу зобитлар ўнлаб йиллар давомида на уруш олиб боришга ва на самарали бошқарувга қодир эдилар. Натижада, 1990 йиллардан бошлаб, бир нечта бой нефт ишлаб чиқарувчи давлатлардан ташқари, арабларнинг аксарияти муносиб таълим ва соғлиқни сақлаш, иш жойлари, етарли озиқ-овқат, сув ва электр энергияси ҳамда бошқа асосий эҳтиёжлардан фойдаланиш имкониятларининг кескин пасайишига дучор бўлди.

Минтақавий сўровлар шуни кўрсатадики, арабларнинг жуда оз қисмигина (асосан нефт қазиб чиқарувчи давлатларда ва бошқа жойлардаги кичик элита орасида) фаровон ҳаёт кечиради, кўпчилик эса на сиёсий ҳуқуқларга ва на муносиб моддий ҳаётга эга эмас. Араб жамиятларида тенгсизлик ва қашшоқлик тобора ортишда давом этмоқда.

Улар бунга давлатга қарши чиқиш, унинг коррупциялашган тизимига қўшилиш ёхуд ўзларини ҳимоя қилиш ва ўз давлати, Исроил ва хорижий кучларнинг таҳдидларидан омон қолиш учун кичикроқ қабилавий, диний ва ё мафкуравий гуруҳларга чекиниш орқали муносабат билдиришган.

Ҳарбийлаштирилган ҳокимият моделига қарши чиққан энг кучли араб ҳаракатлари исломий эди – улар ҳам қуролли, ҳам тинч йўналишда фаолият юритган. Сурияда тинч норозилик ҳаракати шафқатсиз ҳарбий куч билан бостирилиб, қўзғолон тез орада фуқаролар урушига эврилди.

Бу эса миллий бирликка путур етказди, қуролли гуруҳларнинг кўпайишига олиб келди ва хорижий кучларнинг аралашувига йўл очди.

Сурияда содир бўлган воқеалар барча араб автократлари учун огоҳлантирув сигнали бўлиши даркор. Минтақада араб давлатларининг ўз халқи томонидан конституциявий ёки сайлов йўли билан ишончли тарзда қўллаб-қувватланмаслиги сиёсий тарангликни келтириб чиқаради.

Мен ярим асрдан ортиқ вақт давомида араб жамиятлари ва фуқаролари аҳволини шахсан кузатиб, уларни журналист сифатида ёритиб келдим. Хулосам шуки, бирорта ҳам араб мамлакати ушбу тўртта синов— барқарор давлатчилик, ҳақиқий мустақиллик, фуқаролик ҳуқуқлари ва барқарор ҳамда адолатли инсоний тараққиёт синовларидан ўта олган эмас.

Сурия ҳар бир оддий фуқаронинг эркинлик ва қадр-қимматда яшашга бўлган метин иродаси ҳақида бутун дунёга юбораётган сигналларни эътиборсиз қолдириш чинакам аҳмоқликдир. Агар биз ўз халқига хизмат кўрсатишда лаёқатсизлик қилган мавжуд давлат ва иқтисодий тизимлар билан одатдагидек муносабатларни давом эттирсак, арабларга буларни рад этишда шерик бўлиб қоламиз. 

Рами Кҳори, журналист, таҳлилчи

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.