09.12.2024 18:46

“Қўрқма, Асад қулади”. Суриянинг даҳшатли қамоқхонасидан она ва унинг ёш боласи озод қилинди (видео)

"Оқ дубулғалилар" номи билан танилган Сурия фуқаролик мудофааси Дамашқ яқинидаги машҳур "Седная" қамоқхонасидаги маҳбусларнинг яширин ер ости камераларида сақланаётгани ҳақидаги хабарларни текшираётганини маълум қилди.

"Х" ижтимоий тармоқларида фаоллар қамоқхонага бешта махсус гуруҳ юборганликларини, уларга ҳибсхона тартиби билан таниш бўлган шахслар ёрдам берганини айтишган.

“Гуруҳлар таркибига қидирув-қутқарув бўлинмалари, бузиш бўйича мутахассислар, металл эшикларни очиш гуруҳлари, итлар ва шифокорлар киради. Бу гуруҳлар бундай мураккаб операцияларни амалга ошириш учун яхши тайёргарликка эга”, дейилади хабарда.

"Седная" қамоқхонаси мухолифлар Асад режими устидан ғалаба қозонганидан сўнг, кўплаб маҳбуслар озод қилинган қамоқхоналардан биридир.

Дамашқ вилояти маъмурлари қамоқхоналардан маҳкумларни озод қилиш ишлари давом этаётганини,  баъзи маҳбуслар бу ердаги талабга жавоб бермайдиган вентиляция тизими туфайли бўғилиб қолишаётганини билдиришган.

Дамашқ муниципалитети ижтимоий тармоқлар орқали ағдарилган режимнинг собиқ аскарлари ва қамоқхона ходимларидан мухолифларга қамоқхона камераларининг электрон қулфларига кириш кодларини беришни сўради.

Айни пайтда тармоқларда қамоқхоналардан олинган видеолар ва Сурия шаҳарлари кўчаларида озодликка чиққан маҳбуслар тасвирлари тобора кўпайиб бормоқда.

"Седная" қамоқхонасидаги ёзувлардан бирида онаси билан камерада сақланаётган кичкина болакай ҳам тасвирланган.

Видео ёзувлар Туркияда жойлашган "Седная" қамоқхонасидаги маҳкумлар ва бедарак йўқолганлар уюшмаси (ADMSP) томонидан эълон қилинган.

Тасвирларда она ва болани озодликка чиқараёт киши “Ассад қулади, қўрқманглар!" деб ишонтиришга уринган.

AFP томонидан эълон қилинган видеода сурияликлар Асад ҳукмронлиги даврида минглаб мухолифат тарафдорлари қийноққа солинган ёки қатл этилган қамоқхонадан чиққанлар орасидан ўз яқинлари бор ёки йўқлигини қидираётганини кўриш мумкин.

Мухолифат кучлари Суриядаги шаҳарлар устидан назоратни қўлга киритар экан, улар йўлда қамоқхонадаги маҳбусларни озод қилишди.

2011 йилда бошланган фуқаролар уруши давомида Башар Асад бошчилигидаги расмий ҳукумат бу каби қийноқлар кенг қўлланилган лагерларда юз минглаб одамларни ушлаб туришган.

7 декабрь, шанба куни “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” (ҲТШ) шаҳарни эгаллагач, Ҳомс ҳарбий қамоқхонасидан 3500 дан ортиқ маҳбусни озод қилишган.

Якшанба куни пойтахтга кириб келган мухолифлар "Седная" қамоқхонасидаги зулм даври тугаганини эълон қилишди. Озодликка чиққанларнинг ҳикоялари ҳам Асад давридаги энг даҳшатли қонунбузарликларни очишда ёрдам бериши мумкин.

2022 йилги ҳисоботида ADMSP "Седная" фуқаролар уруши бошланганидан кейин "самарали ўлим лагерига айланган"и ҳақида ёзганди.

Фаолларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2011-2018 йиллар давомида 30 мингдан ортиқ маҳбус қийноқлар, тиббий ёрдам кўрсатилмаганлиги ёки очлик натижасида ўлдирилган. Бир нечта озод қилинган маҳбусларнинг кўрсатмаларига асосланиб, 2018 ва 2021 йиллар орасида яна 500 киши қатл этилгани маълум бўлди.

2017 йилда Халқаро Амнистия "Седная" қамоқхонаси "одам сўйиш жойи" деб таърифлангани ва қатлларга энг юқори даражада рухсат берилганини қайт этганди.

Ўшанда Сурия расмийлари айбловларни асоссиз деб атаган ва барча қатллар белгиланган тартиб асосида амалга оширилаёганини таъкидлаган эди.

Седная қамоқхонасида қийноқлар, жинсий зўравонлик ва оммавий қатллар минглаб одамларнинг қисматига айланган. Кўпчилик қамоқдан чиқмаган ва уларнинг оилалари кўп йиллар давомида қариндошларининг тирик ёки ўликлигини билишмаган.

Собиқ маҳбуслардан бири Умар якшанба куни BBC билан суҳбатда ўсмирлик давридаги уч йиллик қамоқдаги бошидан кечирганларини айтиб берди.

Умар маҳбусларга мурожаат қилар экан: "Мен сиз ҳис қилаётган оғриқ, ёлғизлик ва умидсизликни биламан, чунки дунё сизга азоб беришга имкон берди ва ҳеч нарса қилмади", дейди. 

“Улар ҳатто мени жуда яхши кўрган амакиваччамни қийнашга мажбур қилишган. Ўшанда бу ишни қилмасам, улар иккаламизни ҳам қатл қилишарди”, дея қўшимча қилади собиқ маҳбус.

Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари мониторинги маркази (SOHR) ҳисоб-китобларига кўра, 2011 йилдан буён 130 мингдан ортиқ одам шундай шароитларда сақланган. Аммо бу даҳшатли муассасаларнинг тарихи анча чуқурроқдир.

Ҳатто қўшни Ливанда ҳам Сурия зиндонида ғойиб бўлиш қўрқуви минтақада қулаган режим ҳукмронлик қилган даврда кенг тарқалган эди.

Ниҳоят, Сурияда Башар Асад режими тугатилди. Аввалроқ Сурияда золим Асадларга – ота ва ўғилга нисбатан чуқур нафрат асосан аҳолини қўрқитиш, қийноқлар, ўлим ва таҳқирлашнинг турли кўринишлари орқали жиловлаб туриларди.

Шу боис мухолифлар ўзлари забт этган ҳар бир шаҳарда марказий қамоқхонага кириб, у ердаги минглаб одамларни озод қилишди.

Келгусида ўнлаб йиллар давомида атрофини қоплаган зулматдан чиқаётган бу одамларнинг суратлари Суриядаги золим режимнинг қулашини ифодаловчи асосий рамзлардан бирига айланса ажаб эмас.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.