07.12.2024 10:35
Башар Асад ва оиласининг Суриядан қочгани хабар қилинмоқда
Айрим Ғарб нашрлари Башар Асаднинг рафиқаси ва болалари ўтган ҳафтадаёқ Дамашқдан Москвага кетгани, куёви эса БААга қочгани ҳақида ёзганди. Yeni Şafak нашри эса ўз манбаларига таяниб, Сурия президенти Башар Асад яқинлари билан Эронга йўл олгани ҳақида хабар берди.
Ҳукумат кучларининг мухолифат билан тўқнашуви ва қатор мағлубиятларидан сўнг бунга ўхшаш хабарлар кўпайишда давом этмоқда. Ўз навбатида, Wall Street Journal Башар Асад Дамашқда кўриниш бергани ҳақидаги маълумотларни ҳам тақдим этган.
Маълумот учун, Сурияда ўтган ҳафтада юришнинг илк кунларидаёқ Ҳалабни, кейин эса яна бир йирик шаҳар Ҳамони ўз назоратига олган мухолифатчилар пойтахт Дамашқ томон юришда давом этмоқда. Жанубдаги 15 та шаҳарда мухолифат байроғи кўтарилгани, пойтахт Дамашқда ҳам отишма ва портлаш овозлари эшитилаётгани айтилмоқда.
Ўз навбатида, Башар Асадни қўллаб-қувватлаётган Эрон Суриядан ҳарбийлар ва дипломатларни эвакуация қила бошлагани хабар қилинмоқда.
The New York Times нашри манбаларга таяниб ёзганидек, жума куни Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Ал-Қудс бўлинмасининг икки генерали Суриядан Ироқ ва Ливанга олиб кетилган. Улар Асадга содиқ Сурия армиясига маслаҳат бериш билан шуғулланган. Генераллар Дайр-аз-Зор ва Хама қулагани ҳақидаги хабардан кейин қочиб кетишган.