13.08.2024 17:38

Сохта янгиликлар замонида танқидий фикр юритиш

Дунёда бўлаётган инқирозлар ва фитналар биз учун янгилик эмас. Шу вақтгача Босния ва Руандада бўлгани каби, бир қанча қирғинлар, Сомали ва Судандаги каби улкан қурғоқчилик ва оммавий очарчиликларга гувоҳ бўлдик. Шарқий Туркистон, Кашмир, Фаластин, Мьянма ва бошқа кўпгина ҳудудларда мусулмон биродар ва опа-сингилларимизга нисбатан зўравонликлар тинмаяпти. Қолаверса, мамлакат ичкарисида ҳам динга қарши фитналар урчияпти. Мана шу ҳодисаларнинг барчаси фикр-у шууримизга, дунёқарашимизга таъсир этмасдан қолмайди. Шундай йирик воқеликлар асносида дунёда янги бир жабҳа пайдо бўлди – дезинформация, ёлғон маълумот тарқатиш ва фитна назариялари.

Ислом антропологияси – яъни Исломнинг инсон шахсиятини шакллантириш усули бугунги тил билан айтганда некбинликка асосланади. У инсонни пессимистликдан қайтаради. Бироқ, шу билан бирга, Ислом дунёга реал кўз билан қарашни ҳам тарғиб қилади.

Дунёда турли кўринишдаги қабиҳлик ва гуноҳ ишлар мавжуд. Шулардан бири ёлғон гапириш, одамларни алдашдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам анъаналарида бундай хулқ қаттиқ қораланади:

Мўминнинг табиати турли хулқларга эга, лекин ёлғон гапириш ва хиёнат қилиш улар қаторига кирмайди. (Байҳақий, “Сунан ал-Кубро”)

Ислом ахлоқ анъанасида ёлғон гапириш қуйидагича таърифланади:

Бу ҳеч қандай самимийликсиз ишончни ифодаловчи ғовак гаплардан ташкил топган ёвузлик (шарр) бўлиб, эҳтимол, зиён олиб келиши мумкин. Шунинг учун (ёлғоннинг ҳар қандай шаклини) тилга олиш кишини муқаррар айбдор қилади. (Нуриддин ал-Ижи, “Рисолат ал-Ахлоқ”)

Машҳур Усмонли олими Тошкупризода бу ҳақда:

Агар ҳақиқат (сидқ) пайғамбарликнинг асоси бўлмаганида эди, ваҳий ва шариат бекор бўларди. Худди шундай, ҳақиқат тамаддуннинг асосидир; бирон бир жамият инсонларнинг ростгўйлигисиз таянчга эга бўлолмайди, деган эди.

Хабарларни қасддан нотўғри етказиш, бирор бир нарсада қайсидир бир миллатларни айблаш (Коронавирус пандемияси даврида кўпчилик вирусни тарқатганликда мусулмонларни айблагани каби) бугунги кунда кенг ёйилган ижтимоий иллатлардан саналади.

Гарчи ёлғон ишлатиш ва ҳақиқатдан чекиниш мўмин табиатига зид бўлиши керак бўлса-да, мусулмонлар ҳам одатда нотўғри маълумот тарқалганида қурбон ё ижрочилардан бўлиб қолганини кўрамиз.

Мусулмонлар ўртасида тарқалган нотўғри маълумот миқдори номусулмонларникидан деярли фарқ қилмайди ва бу дунё сиёсати, соғлиқ ва тиббиёт, ҳатто аксари мусулмонларни нишонга олувчи молиявий фирибгарликларни ҳам ўз ичига олиши мумкин. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам маълумотни танқидий ёндашмасдан тарқатиш ҳақида бизни шундай огоҳлантирганлар:

Бир кимсанинг эшитган ҳамма гапини сўзлаб бериши унинг ёлғончилигига кифоя қилади. (Муслим ва абу Довуд тўпламларида келтирилган)

Қуръони Карим ҳам бизни маълумотларни танқидсиз қабул қилишдан шундай огоҳ этади:

Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусийбат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар. (49-6)

Баъзи сохта янгиликлар одамларнинг ҳаётига зомин бўлиши мумкин. Ислом қонуни ва ахлоқининг асосий қоидаси, тиббиёт жамоасида бўлгани каби, зарарларни бартараф этишдир. Шунинг учун ҳам биз қандай маълумот берилаётгани, ўзимиз ҳамда бошқаларга зарар етказмаслик учун қандай қилиб тўғри маълумотга эга бўлишимиз кераклигини тушуниш бўйича муайян мажбуриятларга эгамиз (Бу ахборот саводхонлиги дейилади). Бу инсонларнинг ахборотга нисбатан танқидий ёндошувда бўлиши кераклигини кўрсатади. Яхшиямки, ушбу билимлар асрлар давомида Ислом анъаналари томонидан изчил ўргатиб келинмоқда.

Исломий фикр юритиш муаммога ҳақиқий ечим бўла олади

«Фикр юритиш» ўрнига «билиш» сўзини қўлласак, тўғрироқ бўлади. Билиш инсон билимлари назарияси, унинг табиати, келиб чиқиши ва чегаралари учун қўлланиладиган техник атамадир. У, маълум маънода, бошқа барча фанларнинг биринчи илми ҳисобланади. Билиш нима ва биз қандай биламиз? Юнон фалсафаси буни психология, инсон мияси ҳақидаги мунозаралар қисми сифатида тушунган. Кейинчалик бу соҳа Ислом фалсафаси ва унинг кенгроқ фикр тарихида ўрганила бошланган. Биз нарсаларни қандай билишимиз мумкин, деган савол илоҳиёт учун ҳам чуқур аҳамиятга эга. Биз Худони қандай билишимиз мумкин, Унинг мавжудлигини, биздан нима исташини ва биз билан қандай мулоқот қилаётганини қандай тушунамиз? Билиш мавзуси шу сабабли ақидавий ва фалсафий илоҳиёт ҳамда ҳуқуқ фалсафаси асарларида муҳокама қилинади, улар "билим сабаблари" ёки "билиш манбалари" деб белгиланган. Ушбу сабаблар XIII асрдаги машҳур Мотуридий ақидавий рисоласи "Ақоид ан-Насафий" да қуйидагича умумлаштирилган:

(1) Cоғлом сезги идроки (ал-ҳавасс ас-салима),

(2) ишончли хабарлар (ал-хабар ас-содиқ),

(3) ақл/мантиқ (ал-ақл).

Билиш манбалари ҳақидаги ушбу мунозаралар қадимги калом асарларида ахлоқ ва пайғамбарлик мавзулари атрофида муҳокама қилинган. Инсонлар дунё ҳақидаги тўлиқ ҳақиқатни ўзлари мустақил равишда билишлари мумкинми? Шу тариқа, илоҳиётшунослар турли хил билим шакллари ва сабабларини ажрата бошладилар. Жисмоний дунё ва унинг жисмоний фаолияти сезгилар (ҳис) орқали кузатилиши, ақл ёрдамида тушунилиши мумкин, бу жараёнда тасаввур, қалб ва ибтидоий табиийлик (фитрат) ёрдам беради. Буларнинг барчаси бизни ҳақиқат ва яхшилик сари йўналтириши мумкин. Бу эмпирик, мантиқий ва дедуктив билимни (ал-'илм ал-назари ва ал-истидлали) ташкил қилади. Инсонлар шунингдек, билим, урф-одатлар ва технология яратадилар. Баъзи табиий ва маданий билимлар доимий равишда янгидан яратилади ("инновация"), баъзи шакллар йўқолади, лекин умуман олганда маданиятлар доирасида "хабарлар", яъни алоқадор ёки узатилган билим (ал-'илм ал-нақлий) орқали билимлар тўпланмаси вужудга келади. Баъзи хабарлар шубҳали, бошқалари ишончли. Умумий хабарлар фаразий ёки эҳтимолий билим (занни) ва инкор этиб бўлмайдиган ёки аниқ билим (ал-'илм ал-дарури) ҳосил қилиши мумкин. Масалан, Лондон каби йирик шаҳар ёки Искандар Зулқарнайн каби йирик тарихий шахснинг мавжудлиги ҳақидаги билим. Демак, биз атрофимиздаги дунё ҳақида доимий равишда янгидан яратилган ва умумий тўпланган билимга эгамиз, уларнинг иккаласи ҳам бизга дунёни қандай тушуниш бўйича бир нечта имкониятларни тақдим этади. Аммо бу бизга дунёнинг тўлиқ изоҳини бера оладими? Жисмоний оламдан ташқарида мавжудлик борми? Ножисмоний дунё ҳақидаги аниқ билимни қандай олишимиз мумкин? Дунёнинг мақсади борми ва биз унинг интиҳосини билишимиз мумкинми?

Ахлоқий бурчимизни тўлиқ англаш, Худо биздан нимани кутишини ва бу дунёда қандай ҳаракат қилишни ўрганиш учун бизга, шубҳасиз, ёрдам керак бўлади. Тўғрироғи, бизга пайғамбарлар керак! Лекин қандай қилиб маълумотлар ҳақиқатан Худодан эканлигини биламиз? Кўп одамлар пайғамбарлик даъвосини қилишади. Жуда кўп динлар мавжуд. Кимнинг Худо томонидан юборилганини унинг маълумотлари ҳақиқатан ҳам Худодан эканлигини билиш учун биз фақатгина Худо ярата оладиган ишонч белгиларига муҳтожмиз. Мўъжизалар, ғайритабиий ҳодисалар дунё Яратувчиси томонидангина амалга оширилиши мумкин.

Уларни қандай тан оламиз ва бу белгилар ҳақида қандай билимга эга бўламиз? Бу ерда биз яна инсоний ҳиссиётларимиз чекловлари (мўъжизаларни кузатиш), ақл-идрокимиз (ҳақни ёлғондан ажратиш ва уларнинг маъноларини тушуниш) ва умумий билимлар (бошқаларга айтиб бериш) билан дуч келамиз.

Шунингдек, пайғамбарлар маълумот, яъни ваҳий келтирадилар, бу бизнинг илоҳиёт ҳақидаги тушунчамизни максимал даражада оширишимиз учун керак. Шундай қилиб, биз пайғамбарлар ва уларнинг ваҳийларига тааллуқли умумий маълумотни эҳтимолдан аниқ маълумотларга ажратишимиз керак бўлади. Улар бизнинг тушунчаларимизга мос келишини текширишимиз ва умумий хабарларни баҳолашимиз шарт. Умумий хабарлар ишончсиздан эҳтимолий, аниқ билимларгача баҳоланиб чиқиши керак, чунки ҳаётимизнинг турли жиҳатлари турли даражада аниқликни талаб қилади.

Шунинг учун биз ҳар қандай нарсада ушбу учта билим манбасидан фойдаланишимиз ва уларни танқидий равишда қўллашимиз зарур, чунки қабул қилган билимларимиз учун, айниқса, амалларимиз асосидаги билимлар учун биз жавобгармиз. Шунингдек, умумий билимларнинг мазмунини ва уларга нисбатан қўлланган мулоҳазаларни қандай танқидий кўриб чиқишни ҳам билишимиз жоиз. Мана шу ерда ҳам, Ислом анъанаси бизга йўл-йўриқ кўрсатади.

Тўғри фикр юритиш: Исломий таълимда мантиқнинг марказий ўрни

Исломий цивилизация ўзининг илк даврлариданоқ фикрий анъанага хос тўғри мулоҳаза юритишнинг тизимли усулларига эга эди. Аммо, XI асрдан бошлаб, араб мантиқининг (илм ал-мантиқ) шаклланган тизими мулоҳаза ва танқидий таҳлил учун асосий интеллектуал воситага айланди. Ислом олими Абу Ҳомид ал-Ғаззолий ўзининг Исломий ҳуқуқ фалсафаси ҳақидаги машҳур рисоласида, "Ҳуқуқий фиқҳнинг ажратилиши" (ал-Мустасфа мин илм ал-усул) асарида, Исломий мантиқни фақатгина тўғри мулоҳаза юритиш воситаси эмас, деб ёзади. У мантиқ ҳақида шундай дейди:

[Мантиқ] барча фанларга киришдир ва уни тушунмаган киши ҳеч қачон ўз илмини ишончли деб ҳисобламаслиги керак.

Ислом фикри анъанасида мантиқ илмий баҳслар ва кашфиёт учун асосий восита бўлиб, илмий мулоҳазаларда маълум даражада аниқликни кафолатлайди ва яширин фаразлар, мантиқий хатолардан ҳимоя қилади. Тўғри фикрлаш учун қоидалар ва кўрсатмалар тизими сифатида мантиқ тўғри таърифлар ва ҳукмлар қандай яратилиши ва силогизм шаклидаги тўғри далиллар қандай тузилиши каби мавзуларни қамраб олади.

Берилган далилнинг асосий хулосалари қандай – у қандай тасаввур қилинган? Биз бу тасаввурда тўғри таърифлар ва ҳукмлар ишлатилаётганлигини биламизми? Бирор атама ҳақида гапираётганимизда айнан нимани назарда тутаётганимиз аниқми?

Хато эътиқодлар, шошқалоқ тахминлар ёки мантиқсиз далилларни йўқ қилиш тизими сифатидаги мантиқ сохта янгиликлар ва дезинформация билан тўла замонавий дунёмизда биз учун ҳақиқий мантиқли йўналиш бера олади.

Мантиқ, аслида, ислом анъанасида барча интеллектуал ҳаракатларда "тўғри фикрлаш" (яъни, тўғри мулоҳаза юритиш) учун мўлжалланган тўпламнинг бир қисмидир. Ушбу тўпламга мантиқдан ташқари, муҳокама фанлари (илм ал-баҳс ва-ал-муназара), риторика (илм ал-балоға), ва семантика (илм ал-вад) киради. Улар биргаликда "воситавий фанлар" (ʿулум ал-ала) деб аталади ва шаръий билимларни ўрганувчи талаба учун ислом ҳуқуқи (фиқҳ), ҳуқуқий фалсафа (усул ал-фиқҳ), Қуръон тафсири ёки фалсафий илоҳиёт (калом) каби "юқори фанлар"га ўтишдан олдин ўрганиши керак бўлган асосий дастлабки фанлардир.

Мантиқ классик мусулмон мадрасаларидаги таълим дастурида марказий ўрин эгаллади. Шарқшуносларнинг ислом дунёсида мантиқ XIV асрдан кейин тўхтаб қолди, қабилидаги иддаоларига қарамай, сўнгги академик тадқиқотлар шуни кўрсатдики, мантиқ, аслида, замонавий давримизгача ривожланиб, равнақ топиб келди. Биз, мусулмонлар сифатида, ушбу анъанани қадрлашимиз ва ўрганишимиз лозим, айниқса, нотўғри маълумотлар, хато фикрлаш ва фитна назариялари устун бўлган замонларда бу вазифа биз учун фарз даражасига чиқади.

“Яқийн Институти” сайтидан қисқартириб таржима қилинди.

 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.