Шимолий Кипр Турк Республикасида қизларнинг рўмолда таълим олиш ҳуқуқи яна бекор қилинди
Жанубий Кипрда ўқувчи қизларга мактабларда рўмол ўрашга рухсат берилган бўлса, орол шимолида бу ҳуқуқ яна бекор қилинди.
Шимолий Кипр Конституциявий суди Вазирлар Маҳкамасининг қизларнинг ҳижобда мактабга боришига рухсат берувчи қарорини бекор қилган.
Суд қарори айрим доираларда хурсандчилик билан қарши олинди, дейилади бу ҳақдаги хабарда. Кипр ўрта таълим ўқитувчилари касаба уюшмаси раиси Селма Эйлем бу тақиқни "секулярлик ғалабаси" деб атаган.
Маълумот учун, жорий йил баҳорида Вазирлар Маҳкамасининг айни шу масалага доир йиғилишидан сўнг таълим муассасаларида кийиниш қоидаларини тартибга солувчи интизом низомига тегишли ўзгартиришлар киритилганди.
Унга кўра, ўрта мактабларда ҳижоб масаласида қарор қабул қилиш ваколати мактаб маъмуриятига топширилиб, лицей (юқори синфлар) босқичида эса ҳижоб ўрашга расман рухсат берилган эди.