12.01.2024 12:37

Save the Children: 7 октябрдан буён Ғазода 1 фоиз болалар Исроил ҳужумлари қурбонига айланди

Save the Children халқаро ташкилоти Ғазо секторидаги 1 фоиз болалар Исроил ҳужумлари қурбонига айланганини маълум қилди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Исроилнинг ишғол остидаги қилинган эксклавга ҳужумлари пайтида 10 мингдан ортиқ бола ҳалок бўлгани, Ғазода умумий 1,1 миллион вояга етмаган болалар истиқомат қилаётганини эслатди.

Шундай қилиб, минтақадаги болаларнинг 1 фоизи Исроил армиясининг ҳужумлари пайтида ҳалок бўлди, дейилади ҳисоботда.

“Ғазо секторидаги зўравонликлардан омон қолган болалар таърифлаб бўлмас даҳшатларга дуч келишмоқда, жумладан, ҳаётини ўзгартирувчи жароҳатлар, куйишлар, касалликлар, тиббий ёрдамнинг етишмаслиги, ота-оналари ва бошқа яқинларидан жудо бўлиш. Хавфсиз жой йўқлиги сабабли улар бир неча бор зўравонликдан қочиб, ноаниқ келажак даҳшатига дуч келишга мажбур бўлмоқда”, — дейилади ҳисоботда.

"Ғазодаги вазият даҳшатли ва бутун инсоният учун фалокат".

Save the Children ташкилотининг босиб олинган Фаластин ҳудуди директори Жейсон Лининг айтишича, Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш келишувига эришилмагани учун фаластинлик болалар катта тўлов тўламоқда.

“Якуний сулҳга эришилмагани учун ҳар куни ўртача 100 нафар бола ҳалок бўлмоқда. Болаларни ўлдириш учун ҳеч қандай асос йўқ. Ғазо секторидаги вазият даҳшатли ва бутун инсоният учун фалокат”, — деди у.

Исроилнинг Ғазо секторига ҳужумлари натижасида 2023 йил 7 октябрдан бери 23469 фаластинлик ҳалок бўлди, улардан 10300 нафари болалар ва 7100 нафари аёллар.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.