03.10.2025 14:05
66
Саудия саҳросида 12 минг йиллик қоятош тасвирлари топилди
Археологлар Саудия Арабистонининг Нефуд саҳросидаги қояларга ўйиб ишланган ҳайвон тасвирларини аниқлади. Бу топилма Арабистон ярим оролининг шимолида инсоният тарихи аввал тахмин қилинганидан камида 2000 йил қадимроқ эканини кўрсатди.
“Nature Communications” илмий журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, ушбу монументал санъат намуналари бундан 11 400 — 12 800 йил аввал яратилган. Улар бир вақтлар кимсасиз деб ҳисобланган бу ҳудудларда мураккаб овчи-терувчи жамоалар яшаганидан далолат беради.
“Яшил Арабистон” лойиҳаси доирасида Макс Планк номидаги Геоантропология институти ва Саудия Арабистони Мерос қўмитаси бошчилигидаги халқаро экспедиция учта ҳудудда — Жабал Арнан, Жабал Млейҳа ва Жабал Мисмада — жами 176 та ўйма тасвирни топди.
Топилмалар орасида 90 та туянинг табиий катталикдаги тасвири алоҳида ажралиб туради. Шунингдек, қояларда тоғ эчкилари, жайронлар, отсимонлар ва ҳозирда қирилиб кетган, яшаш учун кўп сув талаб қиладиган ёввойи буқаларнинг ҳайкалтарошлик даражасидаги аниқ тасвирлари ҳам сақланиб қолган. Бу эса минтақа иқлими ўтмишда анча намчил бўлганини кўрсатади.