24.05.2025 13:59
508
Саудия Арабистони спиртли ичимликлар сотувини қонунийлаштирмоқчи
Саудия Арабистони 2026 йилдан айрим туризм ва дипломатик зоналарда спиртли ичимликларни чекланган тарзда сотишга ва истеъмол қилишга рухсат бермоқчи. Бу қарор халқаро туризмни ривожлантириш ва EXPO 2030 ҳамда 2034 йилги FIFA Жаҳон чемпионати каби йирик тадбирларга тайёргарликнинг бир қисми ҳисобланади.
Янги қоидалар 600 та жойни қамраб олади: беш юлдузли меҳмонхоналар, ҳашаматли курортлар, дипломатик ҳудудлар ва Неом, Синдалаҳ ороли ҳамда Қизил денгиз лойиҳаси каби туризм марказлари. Aммо 20 фоиздан юқори алкоголли ичимликлар тақиқланганича қолади. Спиртли ичимликлар дўконларда, оммавий жойларда ёки уй шароитида сотилмайди ва истеъмол қилинмайди.
Расмийлар бу тажриба БАА ва Баҳрайнда яхши натижа берганини айтишди. Спиртли ичимликлар фақат лицензияга эга жойларда ва тажрибали ходимлар томонидан сотилади. Спиртли ичимликлар сотилиши қаттиқ назорат қилинади ва қоидабузарликларга жиддий чора кўрилади.