02.06.2025 09:29
105

Рус руҳонийси мусулмонлар билан никоҳни битта шарт билан жоиз деб атади

Православлар ва мусулмонлар ўртасидаги динлараро никоҳлар жуфтликлар бир-бирининг диний ҳис-туйғуларини ҳурмат қилган тақдирда жоиздир. Бу ҳақда Махачқала ва Грозный епархиялари котиби, Россия православ черкови иеромонахи Иоанн (Анисимов) «Ридус» нашрига берган интервьюсида айтди.

Шу тариқа у протоиерей Кирилл (Иванов) томонидан мусулмон эркаклар ва православ аёллар ўртасидаги никоҳларга қарши чиққан баёнотига муносабат билдирди.

Иеромонах Иоанннинг таъкидлашича, Россия каби кўп миллатли мамлакатда динлараро никоҳлар кам учрамайди ва муайян шароитларда улар жоиз ҳисобланади.

«Албатта, ўз динингга ишонувчи инсон билан никоҳ тузиш мақбулроқ. Лекин Россия кўп динли давлат. Аралаш никоҳлар бизда тез-тез учрайди. Айниқса, мен хизмат қилаётган Доғистонда. Шахсан менинг фикримча, агар эр-хотин бир-бирининг диний қарашларини ҳурмат қилса, масалан, эркак хотинига черковга бориш, комил бўлиш ёки болаларига насроний қадриятларни ўргатишни тақиқламаса, бундай никоҳлар тўлиқ жоиз», — деди Иоанн.

У қўшимча қилиб, қадимги яҳудийларда никоҳ масаласида қаттиқ тақиқлар бўлганини, православлик эса Қадимий аҳд дини эмаслигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия православ черкови руҳонийси Кирилл Иванов YouTube каналидаги чиқишида муҳожирлар православ қизларни ўз никоҳига олиб, Россияни мусулмонлаштириб юбораётганидан нолиганди. Унинг иддао қилишича, мигрантлар, айниқса "радикаллашганлари" бу йўл билан ўз мақсадларига эришяпти.

Москва вилояти Нахабино шаҳарчасидаги Георгий черкови руҳонийси, иерей Павел Островский эса нега насроний рус аёллари кўпинча мусулмон эркакларга турмушга чиқаётгани ҳақида ўз фикрини билдирар экан, бундай ҳолатга асосий сабаб православ эркакларнинг масъулиятдан қочиши ва оила қуришга шошилмаслиги эканини таъкидлаган эди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.