05.12.2023 17:20

Россияга эвакуация қилинган фаластинликлар ишга жойлаштирилади

Россияга эвакуация қилинган фаластинлик қочқинлар Доғистонда иш билан таъминланади. Бу ҳақда РИА Новости республика раҳбари матбуот хизматига таяниб хабар қилди.

“Кўчирилганларнинг бир қисми Доғистонда ишга жойлашиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу иш билан махсус тузилган ишчи гуруҳи шуғулланади”, - дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, Доғистонга 25 ноябрдан бошлаб Ғазо секторидан тўртта гуруҳда жами 150 дан ортиқ киши, жумладан, 70 дан ортиқ болалар эвакуация қилинган. Улар дам олиш масканларидан бирида ташкил этилган вақтинчалик жойлаштириш марказига жойлаштирилган.

Қайд этилишича, қочқинлар орасида олий тоифали шифокорлар, ўқитувчилар, таржимонлар, тилшунослар ҳам бор.

“Одамлар янги ҳаёт бошлашга шай ва биз уларга бу ҳаётни қуришда ёрдам беришимиз керак”, деди республика раҳбари Сергей Меликов долзарб масалаларга бағишланган йиғилишда.

Аввалроқ Доғистон таълим ва фан вазири Яҳё Бучаев ҳудудга келган фаластинлик болалар Гамиях қишлоғидаги мактаб ва боғчага жойлаштирилишини маълум қилганди.

TRT рус хизмати ноябрь ойи ўрталарида Доғистон Фаластин-Исроил можароси авж олган Ғазо сектори аҳолисига 30 тоннадан ортиқ гуманитар ёрдам жўнатганини маълум қилган эди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.