Россияда йил охирига келиб такси ҳайдовчилари етишмовчилиги 130 минг нафардан ортиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, такси хизматлари нархининг жадаллик билан ўсишига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Россияда такси хизматларини кўрсатувчи энг йирик – Yandex Gо компаниясининг давлат идоралари билан ўзаро алоқалар бўйича директори Антон Петраков маълум қилди.

“Нархлар кўтарилади ва йилдан-йилга ўнлаб фоизга фарқ қилади. Агар бу муаммо ҳал этилмаса, униси ҳам ҳал бўлмайди”, — деди Петраков Шарқий иқтисодий форум (ВЭФ) сессиясидаги нутқида.

Петраковнинг сўзларига кўра, кадрлар етишмаслиги миграция ва такси соҳасини тартибга солишга қаратилган қонунчиликнинг кучайтирилиши билан боғлиқ. Ҳайдовчилар иш ҳақи тенг, аммо талаблари унчалик қаттиқ бўлмаган ва харажатлар паст бўлган бошқа соҳаларга ўтишга мажбур бўлмоқдалар, дея қўшимча қилди у.

Кадрлар тақчиллигини ҳал қилиш учун Yandex Gо ҳукумат билан баъзи талабларни соддалаштиришни назарда тутувчи экспериментал ҳуқуқий режимни муҳокама қилмоқда, деди Петраков.

Аввалроқ Россияда такси ҳайдовчиларининг қарийб 75 фоизи ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш полисини (ОСГОП) ололмагани учун 1 сентябрдан ишлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлгани ҳақида хабар берилган эди.

 

Мавзуга алоқадор