Россия ва Хитой Кашмирдаги терактни тергов қилишда иштирок этиши мумкин
Покистон Мудофаа вазири Ҳаважа Муҳаммад Асифнинг баёнотига кўра, Россия ва Хитой Ҳиндистон назорати остидаги Жамму ва Кашмир штатининг Паҳалгам ҳудудида содир бўлган теракт бўйича халқаро тергов жараёнига қўшилиши мумкин. Бу ҳақда Асиф Sputnik ахборот агентлигига берган интервюсида маълум қилди.
Вазирнинг таъкидлашича, Исломобод ҳарбий тўқнашувни бошлаш ниятида эмас, бироқ, агар Ҳиндистон кескинликни кучайтирса, Покистон бунга муносиб жавоб қайтаради. “Агар Ҳиндистон Покистонга бостириб киришга ёки ҳужум қилишга уринса, биз ҳам худди шундай жавоб берамиз”, деди Муҳаммад Асиф.
Эслатиб ўтамиз, 22 апрел куни Жамму ва Кашмир штатининг Паҳалгам ҳудудида қуролланган шахслар сайёҳларга ўт очди. Ҳодиса оқибатида 27 киши ҳалок бўлди, кўплаб одамлар жароҳатланди.
Ҳиндистон расмийлари ҳужум учун Покистондан кириб келган шахсларни айблади. Шундан сўнг, Деҳли “Ҳинд дарёси сув ресурслари тўғрисидаги шартнома”ни бекор қилишни эълон қилди, Нъю-Деҳлида ишлаётган покистонлик маслаҳатчиларни мамлакатни бир ҳафта ичида тарк этишга чақирди ҳамда Покистон фуқароларига берилган визаларни бекор қилди.
Покистон эса бу айбловларни қатъиян рад этди ва ўз навбатида, Исломободдаги Ҳиндистон дипломатик миссияси ходимлари сонини қисқартирди. Шунингдек, Покистон расмийлари Ҳиндистон томонидан Ҳинд дарёси ҳавзасидаги сув оқимини тўхтатишга ёки ўзгартиришга қаратилган ҳар қандай ҳаракатни уруш ҳаракати сифатида баҳолашларини маълум қилди.
Бундан ташқари, Покистон ҳукумати Ҳиндистон билан савдо алоқаларини тўлиқ тўхтатди ва ўз ҳаво ҳудудини Ҳиндистон самолётлари учун ёпди.