24.04.2025 10:21
82

Кашмирдаги теракт баҳона Деҳли кескин чораларга ўтди

Кашмирда юз берган навбатдаги теракт ортидан Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги зиддият яна-да кескинлашди. Янги-Деҳли террор ҳужуми учун масъулиятни бевосита Покистонга юклаб, қатор жазо чораларини эълон қилди, деб хабар бермоқда TRT нашри. 


Манбага кўра, Деҳли 1960 йилда Жаҳон банки воситачилигида имзоланган Ҳинд дарёси сувларидан фойдаланиш бўйича битимни номаълум муддатга тўхтатиб қўйди. Мазкур битим нафақат икки томонлама дипломатик зиддиятлар даврида, балки 1965, 1971 ва 1999 йиллардаги уруш пайтларида ҳам сақланиб қолган эди.


Ҳиндистон томонининг маълум қилишича, Покистонга Ҳинд дарёси ва унинг ирмоқлари — Желам, Ченаб, Рави, Беас ҳамда Сутлеж орқали сув берилиши тўхтатилади. Бу дарёлар Покистоннинг миллионлаб аҳолиси учун асосий ичимлик ва суғориш манбаи ҳисобланади.


Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Викрам Мисри CCS йиғилишидаги чиқишида, терактнинг халқаро террор тармоқлари билан боғлиқлиги ва унинг маҳаллий сайловлар фонида амалга оширилганини таъкидлади. 


“Бу ҳужум, Кашмирда сайловлар муваффақиятли ўтиб, минтақада иқтисодий ривожланиш барқарор йўлга тушган бир вақтда амалга оширилгани эътиборга лойиқ”, деди у.


Янги чоралар доирасида Ҳиндистон Покистон билан чегарадаги Аттари-Вагаҳ назорат-ўтказиш пунктини ёпди, SAARC визаси асосида Покистондан Ҳиндистонга кириш тақиқланди. Мамлакатда бўлиб турган Покистон фуқаролари эса 48 соат ичида Ҳиндистонни тарк этиши маълум қилинди.


Ташқи ишлар вазирининг билдиришича, Ҳиндистон “барча хавфсизлик кучларига максимал огоҳликни сақлашни” буюрган ва ушбу ҳужум ортида турганларни жавобгарликка тортишга қатъий бел боғлаган. Ҳозирча Покистон расмийлари Ҳиндистоннинг сўнгги баёнотларига жавобан изоҳ бермади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.