06.02.2024 10:58

Қуддусда фанатик яҳудийлар тез‑тез насроний руҳонийларига ҳужум қилмоқда

Иордания ва Қуддусдаги Евангелист Лютеран черковининг собиқ епископи Муниб Юнан ишғол остидаги Қуддусда фанатик яҳудийларнинг насроний уламоларга қарши ҳужумлари кучайгани ва Исроил ҳукумати ҳужумчиларни жазолаш борасида “жиддий эмас”лигини маълум қилди.

Собиқ епископ Муниб Юнан Anadolu агентлигига берган баёнотида насроний уламолар ва муқаддас жойларга ҳужумларнинг ортганига эътибор қаратди.

“Агар ҳужумларга жавоб берилмаса, улар давом этади. Улардан бирини жазолашгина тўсиқ бўлади”, - деди у.

Хусусан, яқиндагина содир бўлган воқеага алоқадор фанатик яҳудийларнинг қўлга олинганини таъкидлаган Юнан Католик черкови Бенедиктин орденининг Муқаддас заминдаги абботи Никодим Шнабелга уюштирилган ҳужумни қоралади.

Епископ ҳужумчилар уй қамоғига олинганини ва бу жазо тўхтатувчи омил эмаслигини таъкидлаб, “Бу жазоми?” деган саволни ўртага ташлади.

“Давом этаётган ҳужумлар яҳудий диний мактабларида гижгижлашдан далолат беради”, деди ва Исроил полицияси шикоятларни жиддий қабул қилмаслигини қўшимча қилди.

Нима содир бўлган эди?

Бир неча кун олдин босиб олинган Шарқий Қуддусда икки нафар фанатик яҳудий протоиерея Никодим Шнабелга тупуриб, ҳақорат қилишди. Исроил полицияси икки нафар фанатик яҳудий ўсмирни, улардан бири 17 ёшда, бош руҳонийга тупурганлари сабабли ҳибсга олди.

Аввалроқ, ўтган йилнинг октябрь ойида Шарқий Қуддусда Суккот (яҳудийлар байрами) учун йиғилган айрим мутаассиб яҳудийлар Эски шаҳардаги тарихий христиан черкови олдида ерга тупуришган эди.

Сўнгги йилларда яҳудий кўчманчилар томонидан Шарқий Қуддусдаги насронийлар, дин арбоблари ва муқаддас жойларга ҳужумлар кучайган.

Насроний гуруҳлар ва руҳонийлар Исроил ҳукуматини яҳудий кўчманчиларнинг ҳужумларини жазосиз қолишига йўл қўйганликда айбламоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.