11.01.2024 15:19

Нега христиан Ғарби фаластинлик насронийларнинг аҳволига эътибор бермайди?

Фаластинлик журналист Довуд Куттоб (Daoud Kuttab) нима учун насроний динига эътиқод қилувчи Ғарб мамлакатлари ҳукуматлари Фаластинда Исроил томонидан насронийларнинг ҳам қатлиом қилинаётганига кўз юмаётганига эътибор қаратди. Унинг Al Jazeera томонидан эълон қилинган мақоласини тўлиқ ҳолда эътиборингизга ҳавола этамиз.

7 октябрдан бери Исроил ва унинг иттифоқчилари Ғазодаги урушни “террорга қарши уруш” доирасида қўйишга ҳаракат қилиб, фаол равишда ҲАМАСни ИШИД билан қиёслашмоқда. Фаластинликларни мусулмонлар билан тенг ўринга қўйган кўпчилик ҳақиқатан ҳам бу ёлғон ривоятга ишонади.

Аммо Исроил Ғазога қарши олиб бораётган шафқатсиз уруш ўзи даъво қилганидек "фақат террорчиларни" нишонга олаётгани йўқ. Билъакс у фаластинлик мусулмонлар билан бир қаторда фаластинлик насронийларни ҳам қирғин қилди - бу ҳуқуқшунослар таъбири билан айтганда геноцид демак.

 Ғазодаги насроний жамияти ҳозиргача камида 21 аъзосини йўқотди. Бу кичик рақам бўлиб кўриниши мумкин, аммо урушдан олдин улар атиги 1000 киши бўлганини ҳисобга олсак, бу қирғинларни деярли 2000 йил ичида илк бор сектордаги насроний мавжудлигини йўқ қилишга таҳдид билан тенг. Пропорционал равишда, фаластинлик насронийларнинг ўлим даражаси Ғазодаги бутун Фаластин аҳолисидан икки баравар кўп.

Ва шунга қарамай ҳам, Ғарбдаги христианлар улуши кўп мамлакатлар  раҳбарлари Фаластин насронийларининг аҳволи ҳақида таажжубли бир тарзда сукут сақлашди. Америка Қўшма Штатлари президенти, диндор католик бўлган Жо Байден Исроил армияси томонидан нишонга олинган Ғазодаги бошқа католикларни ҳимоя қилиш йўлида бирор нима демади, бирор иш ҳам қилмади. 

Худди шундай тарзда муқаддас ерларда насронийларнинг мавжудлигига таҳдид солаётган ирқчи Исроил давлатини Ғарб насронийлари ўнлаб йиллар давомида қўллаб келишган.

Таъқибга учраган христианлар тарихи

Исроилнинг Фаластин насронийларига қарши ҳужуми ҲАМАС ташкил этилишидан анча олдин содир бўлган.  1948 йилги Накба пайтида яҳудий жангарилар Фаластин қишлоқлари ва шаҳарларига ҳужум қилганда, Фаластин мусулмонлари каби фаластинлик насронийлар ҳам нишонга олинган эди.

Шунда христиан фаластинликлар Лиддадан (бугунги исроилликлар Лод деб аташади) қувиб чиқарилди. Кўпчилик Рамаллоҳда бошпана топиш, шафқатсиз яҳудий жангариларидан қочишга уриниб, ўнлаб километрларни пиёда босиб ўтишди.

Қуддус ва бошқа ҳудудларда ҳам фаластинликлар эътиқодидан қатъи назар, ҳайдаб чиқарилди. Менинг оила аъзоларим - дадам, амаким ва бувим - ҳаётларини сақлаб қолиш учун қочишга мажбур бўлишди. Мусрара маҳалласида яшовчи холам ва унинг оиласи у ерда хавфсизликда бўламиз деган илинж билан Нотр-Дам католик черкови ёнидан паноҳ қидиришади, бироқ яҳудий мерган унинг эрини отиб ўлдириб, етти ёш боласи билан бева қолдиради.

Исроил давлати барпо этилгандан сўнг ҳам террор ва босқинчилик тўхтамади.  Мисол учун, араб-исроил уруши сўнгида Исроил шимолида қулаган, асосан, фаластинлик насронийлар яшайдиган иккита Иқрит ва Бирам қишлоғи аҳолиси 1948 йилнинг ноябрида чиқиб кетишга мажбур бўлди. Уларга "икки ҳафта ичида" қайтишлари мумкинлиги айтилди. Бироқ Исроил давлати бунга ҳеч қачон рухсат бермаган.

Кейинги ўн йилликларда Исроил даъво қилган ҳудудда қолган фаластинлик насронийлар фаластинлик мусулмонлар сингари апартеид режимига рўбарў келишди. Ҳайфада жойлашган Адалаҳ ННТ томонидан олиб борилган тадқиқотларга кўра, улар Исроилнинг яҳудий фуқаролари фойдаланган ҳуқуқлардан маҳрум қилувчи 65 га яқин ирқчилик қонунларига бўйсунишга мажбур этилган.

Ушбу қонунларнинг энг қадимгиларидан бири 1950 йилда қабул қилинган "Қайтиш тўғрисида"ги қонун бўлиб, у яҳудийларнинг Исроилга келиш, жойлашиш ва автоматик равишда фуқароликни олиш ҳуқуқини мустаҳкамлаган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 194-резолюциясида фаластинликларга ўз ватанларига қайтишига рухсат берилиши ва уларга уйларидан айрилгани учун товон тўланиши кераклиги тўғрисида қарор чиқарганига қарамай, қонун ҳайдалган Фаластин туб аҳолисига ҳуқуқ беришни инкор этди.

Яқинда Кнессет 2018 йилда Исроилни яҳудий халқининг миллий давлати сифатида расман эълон қиладиган "Миллий давлат тўғрисида"ги қонун лойиҳасини маъқуллади ва шу билан яҳудийларнинг қонуний устунлигини янада мустаҳкамлади. Бу Исроил жамиятидаги экстремистик унсурларга шижоат бериб, уларнинг Фаластинга қарши зўравонликларини тағин кучайтирди.

Яҳудий экстремистларининг фаластинлик насронийларни таъқиб қилиш ва қўрқитиш, уларнинг устига тупуриш ва уларнинг кортежларига ҳужум қилиш ҳолатлари авж олди. Христиан мулклари, жумладан, черковлар ва қабристонлар ҳам нишонга олинди.

ҲАМАСнинг 7 октябрь куни Исроил жанубига уюштирган ҳужумларидан бир неча кун олдин бир гуруҳ яҳудий эркаклар ва ўғил болалар хоч кўтарган насроний кортежини қувиб, уларнинг устига тупуришган эди. Воқеа акс этган видео интернетга тарқалди ва халқаро норозиликка сабаб бўлди, шунда ҳам Ғарб етакчилари сукут сақлашди. Христиан черкови раҳбарларининг яҳудийлар зўравонликларига қарши чоралар кўриш ҳақидаги йиллар давомидаги такрорий чақирувларини кар қулоқлар эшитмади.

Ғарбнинг Фаластин насронийларининг аҳволига нисбатан бефарқлиги

17 октябрь куни, Ғазога қарши шафқатсиз уруш бошлаганидан бир неча ўтиб, Исроил Ғазодаги насронийлар томонидан бошқариладиган Аҳли Араб касалхонаси ҳовлисини бомбардимон қилди ва у ердан бошпана топган юзлаб одамларни ўлдирди. Исроил ташвиқот машинаси ҳужумда айбни Фаластин Исломий Жиҳодига юкламоқчи бўлди, бироқ кейинги текширувлар у келтирган “далиллар” уйдирма эканлигини тасдиқлади.

Икки кун ўтгач, Исроил армияси дунёдаги учинчи энг қадимги черков бўлган Авлиё Порфирий черковини бомбалади ва камида 18 кишини ҳалок қилди.

Черковни бошқариб турган Қуддус православ патриархиясининг маъум қилишича, ўша пайтда ичкарида бўлганларнинг кўпчилиги аёллар ва болалар эди. "Черковлар ва уларнинг муассасаларини, уларга қўшимча равишда улар бегуноҳ фуқароларни ҳимоя қилиш учун тақдим этадиган бошпаналарни нишонга олиш эътибордан четда қолдириб бўлмайдиган ҳарбий жиноятдир", дейилади баёнотда.

Бироқ фаластинлик насронийларни нишонга олиш давом этаверди. 16 декабрь куни Ғазо шаҳридаги Муқаддас оила католик черковига бошпана топган икки фаластинлик аёл исроиллик мерган томонидан отиб ўлдирилган эди. Қуддус Лотин Патриархияси икки аёлнинг "отиб ўлдирилгани"ни айтди, Рим папаси Френсис эса ҳафталик якшанба кунги маросимда қотилликни қоралаб чиқди.

Қариндошлари черковда қамалиб қолган Британия парламенти депутати Лайло Моран Исроил армияси қуёш панеллари, сув резервуарлари ва генераторларини нишонга олишдан ташқари, тинч аҳолига қарши оқ фосфор ишлатиб, бошпанадагилар ҳаётини янада таҳликали аҳволга солиб қўйганига гувоҳ бўлганликларини айтди.

Ўтган 80 кунлик уруш мобайнида насроний фаластинликлар бутун дунёга ўзларива барча фаластинликларнинг аҳволига қаратиш ва геноцидни тўхтатиш учун чора кўришни сўраб мурожаат қилишдан тўхташмади.

Фаластинлик католик она Байденга мурожаатнома эълон қилиб, уни сиёсатида ўз ахлоқий эътиқодига таянишга чақирди. "Биз кичик Худонинг фарзандлари эмасмиз, жаноб президент, биз тинчлик ва адолат хабари бошланган муқаддас заминнинг фаластинлик насронийларимиз ва сизни геноцидни тўхтатишга чақирамиз".

Фаластин насроний жамияти етакчилари, шунингдек, Ғарб черков раҳбарлари ва илоҳиётшуносларига очиқ мактуб йўллашиб, унда “Исроилни танқидсиз қўллаб-қувватлаган ғарб илоҳиётшунослари ва черков раҳбарларига” эътироз билдиради, уларни тавба қилишга ва ўзгаришга чақиради.

Байден ва ғарблик насронийлар кўп бўлган бошқа давлат раҳбарлари Фаластин ҳаётига - мусулмонлар ва насронийлар ҳаётига бефарқликни намоёш этишди. АҚШ БМТ Хавфсизлик кенгашида бир неча бор сулҳ резолюцияларига қарши овоз берган ва Исроилга фаластинликларни қирғин қилишни тўхтатиш ёки ҳатто уни бироз танқид қилиш учун босим ўтказишга қаратилган ҳар қандай уринишларга тўсқинлик қилган.

Байден ва унинг маъмурияти чиндан ҳам фаластинлик насронийларга “кичикроқ Худонинг фарзандларидек” муносабатда бўлишди. У ва Исроилни қўллаб-қувватлаган бошқа Ғарб етакчилари Фаластин халқининг геноциди учун тўлиқ жавобгардир. Уларнинг қилган ишларини инсоният унутмайди.

Бундай қайғули вақтда кўпчиликка умид бахш этаётган нарса шуки, Исроил шафқатсизлиги ва Ғарб сукунатига қарамай, мусулмон ва насроний фаластинликлар бир фронт бўлиб бирлашдилар. Исроил узоқ вақтдан бери бизга бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил тактикасини қўллаган, аммо сўнгги икки ярим ой ичида биз Исроил мустамлакачилик зўравонлиги ва ирқчилик қаршисида бирлигимиз ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ эканлигини намоён этдик.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.