13.01.2024 12:15

Қизил денгиздаги инқироз сабабли Tesla ва Volvo Car ишлаб чиқаришни тўхтатди

Tesla ва Geely компаниясига тегишли Volvo Car автомобиль ишлаб чиқарувчилари Европадаги айрим заводлар фаолиятини бутловчи қисмлар етишмаслиги сабабли тўхтатиб туришга қарор қилди, дея хабар бермоқда Reuters. Бунга Қизил денгиз минтақасидаги ҳолат етказиб бериш занжиридаги узилишлар сабаб қилиб келтирилди.

Пайшанба Tesla Reuters агентлигига кўплаб кемалар Африканинг жанубий учи бўйлаб йўналтирилганидан сўнг бутловчи қисмлар танқислиги вужудга келгани, шу сабабли Берлин яқинидаги заводида аксарият автомобилларни ишлаб чиқариш 29 январдан 11 февралгача тўхтатилишини маълум қилган.

"Қизил денгиздаги қуролли тўқнашувлар ва у билан боғлиқ Умид бурни орқали Европа ва Осиё ўртасидаги транспорт йўналишларидаги ўзгаришлар Грюнхейддаги ишлаб чиқаришга таъсир кўрсатмоқда", - дейилади компания баёнотида.

Қайд этилишича, ташиш вақтларининг сезиларли даражада узайиши таъминот занжирларида бўшлиқни келтириб чиқарган. Айни пайтда, Европадаги заводга электромобилларнинг айнан қайси бутловчи қисмлари келиши кечикаётгани аниқлаштирилмаган.

Шунингдек, Хитойнинг Geely компаниясига тегишли бўлган Volvo Car ҳам трансмиссия етказиб беришдаги кечикишлар туфайли, келгуси ҳафтада уч кунга Бельгиянинг Гент шаҳридаги заводида ишлаб чиқаришни тўхтатиб қўйишини маълум қилди.

Глобал миқёсда ишлаб чиқариш ва етказиб беришдаги узилишларга яна бир муҳим денгиз савдо йўли - Панама канали сатҳининг қурғоқчилик оқибатида пасайгани ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Қизил денгиз можароси натижасида бошқа автомобиль ишлаб чиқарувчилар ҳам танқисликка дуч келиши мумкин, дея маълум қилди таъминот занжирлари ва автомобиль ишлаб чиқаришни кузатувчи AutoForecast Solutions компанияси вакили Сэм Фиорани.

Нью-Йорк савдоларида Tesla акциялари 3,7 фоизга, Volvo Car  акциялари эса Стокгольмда 2,8 фоизга арзонлашди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.