16.11.2024 10:04
Қатар расмий ташкилотларида "ёши каттaлар" ўрнига "қадри буюклар" атамаси жорий этилади
Қатар ҳукумати расмий ёзишмалар ва хатларда "ёши каттлар" ("кибар-ус син") атамаси ўрнига "қадри буюклар" ("кибар-ул қодр") атамасини қўллашга қарор қилди. Ушбу қарор катталарга нисбатан ҳурмат ва қадрловни ошириш мақсадида қабул қилинди.
Янги атама катталарнинг фақат ёшини эмас, балки уларнинг ҳаётдаги тажриба ва билимларини ҳам юксак қадрлашга асосланади. Қарор ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан катта олқишларга сазовор бўлди. Чунки бу атама катталарга нисбатан юқори қадр-қиммат беришга ҳисса қўшади ва уларнинг жамиятдаги муҳим ролини янада ажратиб, намоён қилади.
Халқаро мусулмон олимлар бирлашмаси раиси Али ал-Қарадоғий ўзининг “Х” платформасида "қадри буюклар" атамасининг қабул қилиниши жамиятдаги катталарнинг ўрнини ва уларнинг жамиятдаги муҳим ролини намоён қилади, дея изоҳ берди.
Бироқ айримлар бу қарор фақат атама ўзгартирилиши билан чекланмаслиги кераклигини таъкидлашмоқда. Жумладан, катталарга давлат ташкилотлари, соғлиқни сақлаш муассасалари, давлат хизматлари ва ҳатто жамоат жойларида устуворлик берилиши зарурлигини тилга олинган. Махсус автотураргоҳлар ажратиш, муолажалар учун навбатларда олдинга ўтказиш каби амалий чора-тадбирлар ҳам шулар жумласидан.