Қаҳратон қиш Афғонистонда зилзиладан жабр кўрган 100 мингга яқин болага хавф солмоқда - БМТ
БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) душанба куни Афғонистон ғарбида ўтган йилнинг октябрида содир бўлган кучли зилзилладан жабр кўрган 100 минглаб болалар қаҳратон қиш туфайли оғир аҳволда эканини маълум қилди.
“Уч ойдан кейин ҳам Ҳиротдаги зилзила оқибатлари сақланиб қолмоқда, кўплаб оилалар қаттиқ совуққа қарамай, чодирларда яшамоқда ёки очиқ ҳавода ухлаяпти”, - дея маълум қилди ЮНИСEФ.
Ташкилот Афғонистонни,
шу жумладан, октябрдаги зилзиладан катта зарар кўрган Ҳирот минтақасини қамраб
олган қаҳратон қиш инсонлар ҳаётига таҳдид солаётгани ҳамда қайта қуриш
ишларини секинлаштираётганини қўшимча қилди.
"Болалар
ҳали ҳам йўқотиш ва жароҳатларни енгиш учун курашмоқда. Мактаблар ва соғлиқни
сақлаш марказлари таъмирлаб бўлмайдиган даражада шикастланган ёки бутунлай
вайрон бўлган", - деди ЮНИСЕФнинг мамлакатдаги ваколатхонаси раҳбари Фрэн
Эквиза.
"Бу
ҳам етмагандек, қиш келди, ҳаво ҳарорати нолдан пастга тушди. Бошпанасиз қолган
болалар ва оилалар кечалари вақтинчалик бошпаналарини иситолмай, ҳаётлари учун
хавфли шароитларда яшамоқда", - дейди Эквиза.
Агентлик
Ҳиротдаги 19 мингга яқин аҳолига тоза сув етказиб беришни давом эттирилаётгани,
оилаларнинг асосий эҳтиёжларини қондириш ва қишдан омон қолишлари учун пул
ёрдами тарқатишни режалаштираётганини маълум қилди. Шунингдек, бир неча минг болаларга,
уларнинг ярми қизлар, асосий таълимни давом эттиришлари учун ўнлаб муассасалар
ташкил этилди.
Аммо
минглаб одамлар ҳали ҳам ёрдамга муҳтож. БМТ вакили зилзилалардан жабр кўрган
96 минг болага зарур хизматлар кўрсатилмаса, уларнинг омон қолишидан хавотирда
эканини билдирди.
"Биз
болалар нафақат қишдан омон қолишларини, балки келгуси ойлар ва йилларда
ривожланиш имкониятига эга бўлишларини таъминлаш учун доимий ёрдамни интиқлик
билан кутамиз", - деди Фрэн Эквиза.
БМТ
маълумотларига кўра, Афғонистонда "узоққа чўзилган можаролар, экстремал
иқлим шоклари ва мамлакатдаги жиддий иқтисодий таназзул туфайли" камида 23
миллион киши гуманитар ёрдамга муҳтож, уларнинг ярми болалардир.