АҚШ бошчилигидаги кучлар Афғонистонга бостириб кирганидан сўнг 20 йил ўтиб, 2021 йил августида мамлакатни тарк этди. Шундан сўнг Афғонистон глобал санкцияларга дуч келди, кўплаб мамлакатлар Кобул билан дипломатик алоқаларни узди. Аммо экспертлар БАА Толибон томонидан тайинланган элчи, Қозоғистон эса ишончли вакилдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олгани Афғонистон учун янги сиёсий ва иқтисодий истиқболлар очишини таъкидламоқда.

Халқаро миқёсда тан олинмаган Толибон маъмурияти минтақа давлатлари, жумладан, қўшни Покистон, Ҳиндистон ва Хитой, шунингдек, Марказий Осиё республикалари билан икки томонлама муносабатларни сақлаб келмоқда. Охирги уч йил ичида эса Яқин Шарқ, асосан Қатар ва БАА билан ҳам алоқаларни ривожлантирмоқда.

Жумладан, ўтган ҳафта расмий Толибон делегацияси Абу-Дабига ташриф буюриб, БАА президенти Шайх Муҳаммад бин Зайд билан учрашди.

Чоршанба куни Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида элчи Мавлавий Бадруддин Ҳаққоний БАА Ташқи ишлар вазирлигига ишонч ёрлиқларини топширганини маълум қилди.

БАА расмийси пайшанба куни Reuters агентлигига “Афғонистон элчисидан ишонч ёрлиғи”нинг қабул қилиниши Форс кўрфази давлатининг афғон заминида кўприк қуриш ва афғонларга ёрдам беришга, шу жумладан ривожланиш ва қайта қуриш лойиҳалари орқали ёрдам беришга қатъий қарорини тасдиқлаганини маълум қилди.

Шунингдек, чоршанба куни Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Алибек Бакаев Қозоғистон “икки мамлакат олдидаги савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида” Муҳаммад Ур Раҳмон Раҳмоний Афғонистоннинг Остонадаги муваққат ишончли вакили сифатида рўйхатдан ўтказилганини билдирди.

Бугунги кунда Хитой, Қатар, Покистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Россия ТОлибон томонидан тайинланган дипломатлар - элчи ва ишончли вакиллардан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олган. Туркия ва Тожикистон ҳам Толибон расмийларини тан олган, аммо ҳозирча фақат консуллик даражасида.

“Мамлакатлар Афғонистон хавфсизлиги ва барқарорлигидан хавотирда, чунки бу бутун минтақа барқарорлиги билан бевосита боғлиқ”, - дейди Кобулдаги Стратегик ва минтақавий тадқиқотлар маркази ижрочи директори Соҳаиб Рауфий Arab News нашрига берган интервьюсида. - Шунинг учун улар минтақадаги кучлар мувозанати учун рақобат ва иштаҳани ҳисобга олиб, Толибон бошчилигидаги ҳукумат билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор2.

“Ушбу қадамлар Афғонистон Ислом Амирлиги билан минтақа ва ундан ташқаридаги давлатлар ўртасида ишонч кучайиб бораётганининг ёрқин далилидир. Ислом амирлигининг савдога йўналтирилган ташқи сиёсати дунё билан алоқаларини мустаҳкамлашда асосий омил ҳисобланади”, - дея қўшимча қилди Рауфий.

1996-2001 йилларда Толибон ҳокимият тепасида турган илк даврда уларнинг бошқарувини уч давлат: Покистон, Саудия Арабистони ва БАА тан олган.

Ўсиб бораётган халқаро ҳамкорликни амалдаги ҳукуматни янада тан олиш йўлидаги дастлабки қадамлар сифатида кўриш мумкин.

 "Аммо бу босқичга бориш учун ҳали узоқ йўл бор, - деди Рауфий. - Афғонистоннинг ҳозирги яккаланишини юқори сиёсий даражада камайтириш учун дунё мамлакатлари билан кўпроқ ҳамкорлик қилиш керак".

Бироқ, қисқа муддатда, айниқса, БАА билан янги расмий муносабатлар Афғонистоннинг сустлашиб бораётган иқтисодиётига таъсир қилиши кутилмоқда.

“Афғонистоннинг иқтисодий алоқалари 2021 йил августидан кейин мамлакатга киритилган сиёсий чекловлар туфайли чекланган. Кўпроқ мамлакатлар билан сиёсатнинг кучайиши, шубҳасиз, диверсификацияланган иқтисодий йўлакларга кириш орқали мамлакат экспорти ва импортига ижобий таъсир кўрсатади”, деди Кобулдаги Катеб университетининг иқтисод ўқитувчиси Таййиб Хон.

"Афғонистоннинг БАА билан глобал савдо маркази сифатидаги муносабатлари Афғонистонга араб мамлакатлари ва ундан ташқарида кенгроқ бозорга осон киришни таъминлайди, бу эса Афғонистоннинг инсон капиталини жалб қилиш учун қўшимча имкониятлар яратади".

Мавзуга алоқадор