Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Алибек Бакаев Афғонистон дипломатик миссияси раҳбари Муҳаммад Ур Раҳмон Раҳмонийни қабул қилди, дея хабар берди Zakon.kz Қозоғистон ТИВ матбуот хизматига таянган ҳолда.

Учрашув чоғида Бакаев Қозоғистон Раҳмонийни Афғонистоннинг Қозоғистондаги ишончли вакили (мартабаси элчидан пастроқ бўлган дипломатик вакил – таҳр.) сифатида аккредитация қилганини, бунда Қозоғистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш борасида икки давлат олдига қўйган муҳим мақсад кўзда тутилганини маълум қилди.

Қозоғистон ТИВ Афғонистоннинг минтақавий муносабатларга фаол жалб этилиши афғон халқи аҳволининг яхшиланиши, мамлакат иқтисодиётини, ижтимоий барқарорликни тиклаш, шунингдек, минтақа тинчлик ва хавфсизликни сақлаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратади, деб ҳисоблайди.

“Қозоғистон Афғонистонга ёрдам кўрсатиш ва мураккаб гуманитар муаммоларни ҳал қилиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш тарафдори. Шу мақсадда Қозоғистон Олмаотада БМТнинг Марказий Осиё ва Афғонистон мамлакатлари учун Барқарор ривожланиш мақсадлари минтақавий марказини ташкил этишни таклиф қилди”, дейилади Қозоғистон ТИВ хабарида.

2024 йил 3 июнь куни мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тоқаев “ҳозирги босқичдаги стратегик вазифалардан бири Афғонистонни минтақалараро алоқаларга фаол жалб этиш” эканини таъкидлаган эди. Давлат раҳбари, шунингдек, “Қозоғистон замонавий Афғонистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги ва бу режим узоқ муддатли омил эканлигини англаган ҳолда, «Толибон» режимини террорчилар рўйхатидан чиқарганини” эслатди.

Мавзуга алоқадор