09.02.2024 16:02

Путин ва Карлсон нималар ҳақида суҳбатлашди?

Америкалик телебошловчи Такер Карлсон ўз сайтида Россия президенти Владимир Путин билан икки соатлик суҳбатни эълон қилди. “Украина денафикацияси”, 2014 йилда Украинадаги “давлат тўнтариши”, тинчлик музокаралари, АҚШдаги сайловлар билан боғлиқ вазият, Россия ва Хитой ўртасидаги муносабатлар суҳбатнинг асосий мавзулари бўлди. 

Путин суҳбатни ярим соатлик нутқи билан бошлади. Бу нутқида "Украина ҳеч қачон мустақил давлат сифатида мавжуд бўлмагани" ва унинг ҳудудлари "тарихан русларники" экани ҳақидаги назариясини илгари сурди.

У иккала давлат ҳам “эртами кечми” келишувга эриша олишига ишонч билдирди. Путин Украина “Вашингтоннинг кўрсатмаси бўйича” Россия билан музокара қилишдан бош тортганини айтиб, қарор нотўғри бўлганини ва энди уни тузатиш кераклигини қўшимча қилди.

Суҳбатнинг муҳим қисми собиқ СССР, кейин эса Россия ва НАТО блоки ўртасидаги муносабатларга бағишланди. Путиннинг сўзларига кўра, совет раҳбарлари мамлакатлар ўртасидаги мафкуравий тафовут рамзи бўлган Берлин девори вайрон бўлганидан кейин шериклик ва ҳамкорлик даврига умид боғлаган.

Президент, шунингдек, СССР парчаланганидан кейин АҚШ "нотўғри, қўпол, асоссиз босим сиёсатини" олиб борганини эслатди. Хусусан, НАТОни кенгайтира бошлаган, "Кавказдаги сепаратистларни қўллаб-қувватлаган ва ракетага қарши мудофаа тизимларини яратган. Бироқ ўшанда рақобат учун ҳеч қандай сабаб йўқ эди, чунки Россияда бозор иқтисодиёти ва демократик ҳукумат ўрнатилган”.

Россия раҳбарининг фикрича, Россиянинг тактик ядро қуролларини қўллаш режалари ҳақидаги гаплар Ғарб солиқ тўловчиларидан “пул ундириш” учун ишлатиладиган “қўрқинчли ҳикоялар”дир.

Путин Россиянинг Польша, Латвия ёки бошқа бир давлатга нисбатан ҳудудий даъволари йўқлигини айтиб ўтди. Шу билан бирга, агар Варшава агар Россияга ҳужум қилмаса, Россиянинг Польшага ҳужуми бўлмаслигига ишонч билдирди.

Бундан ташқари, Путиннинг сўзларига кўра, Ғарб Россиядан кўра кучли Хитойдан кўпроқ қўрқади. Президентнинг таъкидлашича, бу унинг катта аҳолиси ва иқтисодий ўсиши йилига 5 фоизга, яъни Қўшма Штатлар кўрсаткичидан ошиб кетиши билан боғлиқ.

Россия-Хитой ҳамкорлиги ҳақида гапирар экан, президент Хитой иқтисодиётининг ўсиши туфайли Россиянинг ташқи савдо ҳисоб-китобларида юань ҳажми доллардан ошиб кетганини таъкидлади. Америка валютасининг улуши 13 фоизга камайган, Хитой валютаси эса 34 фоизгача кўтарилган.

Путин, шунингдек, “Шимолий оқим”га уюштирилган диверсияларни тилга олиб, уларни Марказий разведка бошқармаси билан боғлади, бироқ сўнг у тафсилотларга киришни истамаслигини ва манфаатдор томонларни қидиришни таклиф қилди.

Халқаро ҳуқуқ ҳозирда тузатишларга муҳтож, чунки дунёда кучлар мувозанати ўзгарди, деди Россия президенти. ‑ АҚШ [1999 йилда Югославияда] нима қилди? Халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низомига зид равишда Белградни бомбардимон қилишни бошланди. Қўшма Штатлар бу жинни кўзасидан чиқариб юборди”.

Журналист Гершковичнинг тақдири ҳақидаги саволга жавобан Путин у жосуслик ва махфий маълумотларни йиғишда айбланаётганини эслатди. РФ етакчисининг сўзларига кўра, бу "тасдиқланган факт". Бироқ Россия Гершковични алмашиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Такер Карлсон Fox News телеканалининг собиқ консерватив бошловчиси, АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп тарафдори ва Украинага ёрдам кўрсатишга қаршилардан.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.