18.03.2025 23:00
170

Путин—Трамп: икки президент телефонда нималарни гаплашди?

Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Доналд Трамп ўртасида телефон орқали муҳим мулоқот бўлиб ўтди. Суҳбат давомида икки томонлама муносабатларни яхшилаш, Украина можаросини ҳал қилиш ва стратегик ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.


Президентлар суҳбатида биринчи бўлиб кўтарилган масала — Украинанинг энергетика ва инфратузилма объектларига ҳужумларни тўхтатиш ташаббуси бўлди. Оқ уй раҳбари Путинга 30 кунлик сулҳ жорий этиш таклифини илгари сурди. Кремл томони эса бу ташаббусга ижобий муносабат билдириб, рус ҳарбийларига зарур буйруқ берилганини маълум қилди.


Бундан ташқари, Путин мажбурий сафарбарликни тўхтатиш ва Украина Қуролли Кучларига қурол етказиб беришни чеклаш масалаларини ҳам кўтарди. Ҳар икки давлат можарони тинч йўл билан ҳал қилиш мақсадида Россия ва АҚШ мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳлар тузишга келишиб олди.


Сулҳ ташаббуси доирасида Путин Россияда даволанаётган 23 нафар оғир жароҳат олган украиналик ҳарбий хизматчини Киевга топширишга тайёр эканини билдирди. Шунингдек, 19 март куни Россия ва Украина ўртасида 175 кишига 175 нафар маҳбус алмашинуви амалга оширилиши маълум қилинди.


Президентлар Қора денгиз ҳудудида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича ҳам музокараларни бошлашга келишиб олдилар. Шунингдек, Путин ва Трамп Яқин Шарқ минтақасида стратегик қуролларни тарқатмаслик чораларини муҳокама қилиб, айниқса, Эроннинг Исроилга таҳдид солишига йўл қўймаслик борасида якдил фикр билдирдилар.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.