Польшада муҳожирларга қарата ўқ отишга рухсат берилди
Польша депутатлари кўпчилик овоз билан ҳарбийлар ва чегарачиларга Беларусдан мамлакатга ноқонуний йўл билан ўтмоқчи бўлган муҳожирларга ҳақиқий ўқлардан отиш имконини берувчи янги қонунни қабул қилишди.
Қонун ўтган ҳафтада муҳожир Беларус ҳудудидан туриб улоқтирган
найзадан ҳалок бўлган польшалик чегарачининг фожиали ўлими ортидан қабул қилинди.
Польша
Сеймида қонун қабул қилиниши учун 401 нафар парламентарий овоз берди, фақат 17
нафари қарши чиқди.
Янги қонун қурол олиб юрган офицерларни “давлат чегараси яхлитлигига ноқонуний
ҳужум” пайтида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг “ҳаёти, соғлиғи
ва эркинлиги” хавф остида бўлганида, ўзини ҳимоя қилиш ёки “олдини олиш”
мақсадида фойдаланса, жавобгарликдан озод қилади.
Шанба куни Польша аскарлари ва чегарачилари яна кўп сонли ноқонуний муҳожирлар билан боғлиқ можарога дуч
келишди. Польша
оммавий ахборот воситаларида тарқалган видеотасвирларда ҳарбийлар қалқон ортида мудофаа
чизиғини ташкил қилгани, муҳожирлар гуруҳлари йигирма метр нарида тургани акс
этган. Муҳожирлардан бири чегарачилар томон найза улоқтирган, чегарачилар эса уларга қарата электрошок снаряд ирғитган.
Amnesty International
ташкилоти янги қонунни танқид қилиб, бу хавфли оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигини қайд
этди.
Польша-Беларус
чегарасини бузиб ўтишга уринаётган қочқинлар асосан Ироқ, Афғонистон, Яқин Шарқ ва Африка
давлатларидан. Уларнинг сони муттасил ўсиб бормоқда - 2023 йилда қўшни
Беларусдан Польшага
26 мингга яқин муҳожир келган. Бу 2022 йилга нисбатан қарийб 10 мингтага
кўпдир.