Politico: ЕИ давлатлари сув танқислиги сабабли ўзаро низолашиши мумкин
Сув танқислиги келгусида ЕИ мамлакатлари ўртасида можароларнинг келиб чиқиши, жумладан, сув ресурслари учун рақобатнинг кучайиши, трансчегаравий сув ресурслари бўйича давлатлар ичида ва ўртасидаги низоларга сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда Politico нашри қўлга киритган Еврокомиссиянинг махфий ҳужжатида сўз боради.
Ҳужжатда
айтилишича, ЕИ сув танқислигини ҳаётнинг қарийб барча жабҳаларига: озиқ-овқат
ва сув, инфратузилма, иқтисодий фаолият ва соғлиқни сақлашга таҳдид соладиган
муаммо деб билади.
“Ушбу хавф-хатарлар турли шаклларда намоён бўлиши мумкин, жумладан,
сув ресурслари учун рақобатнинг кучайиши, трансчегаравий сув ресурслари бўйича
давлатлар ичида ва ўртасидаги низолар”, - дейилади мурожаатда. Шунингдек, сув
танқислиги тенденцияси ортиб бораётгани ва иқлимий вазият ёмонлашаётгани қайд
этилган. ЕИнинг консерватив
ҳисоб-китобларига кўра, иттифоқнинг иқтисодий ўсиши 2100 йилга келиб 7 фоизга
пасайиши мумкин.
Тез-тез содир бўладиган ҳодисалар, тошқинлар, қурғоқчилик,
ўрмон ёнғинлари, касалликлар, экинларнинг етишмаслиги каби табиий офатлар аллақачон Европа дуч келадиган иқлим
таҳдидларидан бирига айланди. Айни
пайтда Еврокомиссия "Европа учун 36 та асосий хавфни аниқлаган бўлиб, уларнинг
баъзилари аллақачон ҳалокатли ва юқори шошилинчлик даражасига эга".
Еврокомиссиянинг
2019 йилдаги маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи аҳолисининг учдан
биридан кўпроғи (38%) сув танқислигига дуч келган. Қурғоқчилик Европа
иқтисодиётига ҳар йили 2–9 миллиард евро зарар етказмоқда.
2019 йилги маълумотларга кўра, Италияда сув танқислиги кучли
бўлган. Адриатик ва Ион денгизи соҳилларида жойлашган ҳудудларда тақчиллик 1,5
км³ сувни ташкил этди.
Болгарияда сув танқислиги 1,2 км³ деб баҳоланади - бу Европада иккинчи энг ёмони.
Ҳозирги инқирозга ичимлик сувидан саноат эҳтиёжлари учун фойдаланиш, шунингдек,
тўғонлар қуриш билан боғлиқ муаммолар сабаб бўлиши мумкин. Мамлакатда мавсумий
сув чекловлари жорий этилмоқда.
Иқлим ўзгариши ва денгиз сатҳининг кўтарилиши келгуси 80 йил ичида ер ости сув
захиралари 16 фоизга қисқариши кутилаётган Мальта учун катта хавф туғдиради.
Испанияда
эса ўтган йил охиридан буён
қурғоқчиликда кузатилмоқда,
табиий офат айниқса қиролликнинг жанубий ва шарқий вилоятларига таъсир кўрсатган. Расмийлар 2023 йилнинг
апрели рекорд даражадаги энг қуруқ ва иссиқ ой бўлганини эълон қилди.
Франция қишки қурғоқчиликка дуч келмоқда. Шу боис мамлакат ғарбида
суғориш учун 16 та сув омбори мажмуаси қурилишига қарши экофаолларнинг бутун Франция бўйлаб норозилик намойишлари
бўлиб ўтди. Лойиҳа мухолифлари сувнинг «агробизнес» томонидан «хусусийлаштирилиши»ни қоралаб, ҳокимиятни сув омбори қурилишига
мораторий жорий этишга чақирмоқда.
Дунёнинг чучук сувга бўлган талаби ҳеч қачон ҳозиргидек юқори бўлмаган:
Миллий география жамияти
маълумотларига кўра, бугунги
кунда уй хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги ва саноатда бир аср аввалгига
нисбатан саккиз баравар кўпроқ сув ишлатяпмиз.