12.02.2024 10:51

Покистондаги сайловларда қамоқдаги собиқ бош вазир партияси етакчилик қилмоқда

Покистонда 8 февралда бўлиб ўтган Миллий Ассамблея ва вилоят ассамблеяларига сайловлар натижалари чиқишда давом этмоқда. Сайлов комиссияси 266 ўринли Миллий ассамблеядаги 250 ўрин тақсимотини эълон қилди.

Қамоқдаги собиқ бош вазир Имрон Хоннинг партияси бўлган Покистон Адолат учун Ҳаракати (PTI) томонидан қўллаб-қувватланган мустақил депутатлар 98 ўрин, собиқ бош вазир Навоз Шариф бошчилигидаги Покистон мусулмон лигаси-Наваз (PML-N) 71 ўрин, Билавал Бхутто Зардорий бошчилигидаги Покистон Халқ партияси (PPP) эса 53 ўринни қўлга киритди.

Дастлабки натижаларга кўра, Миллий ассамблея сайловларида PTI етакчилик қилмоқда.

Сайловчиларнинг сайловдаги иштироки ҳақидаги маълумотлар ҳозирча эълон қилингани йўқ. 2013 йилда Покистонда сайловчиларнинг иштироки 55,02 фоизни, 2018 йилда эса 51,7 фоизни ташкил қилган.

Покистонда 5 йил давомида қонунчилик вазифасини бажарадиган Покистон Миллий Ассамблеяси ва вилоят мажлисларига сайловлар учун овоз бериш 8 февраль пайшанба куни бўлиб ўтган эди.

Покистонда охирги умумий сайловлар 2018 йил 25 июлда бўлиб ўтган ва Имрон Хон ҳукумати ҳокимиятга келган эди. 2022 йил 10 апрелда Покистон Миллий Ассамблеясида ўтказилган ишонч овозида Имрон Хон ҳукумати 174 овоз билан йиқилди.

Навоз Шарифнинг укаси, уч муддат бош вазирлик қилган Шаҳбоз Шариф 2022 йил 11 апрелда бош вазир этиб сайланди ва мамлакатни 2023 йил августигача бошқарди.

Мамлакатни умумий сайловларга қадар бошқарадиган муваққат ҳукумат бош вазири Анварул Ҳақ Какар 2023 йил 14 август куни қасамёд қилди. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.