08.05.2025 13:18
18

Покистон француз Rafale учоқларини Хитой J-10C самолётлари билан уриб туширди

Покистон бош вазири ўринбосари ва ташқи ишлар вазири Ишоқ Дар парламентда қилган чиқишида Покистон ҳаво кучлари томонидан Хитойда ишлаб чиқарилган J-10C жанговор учоқлари орқали Ҳиндистоннинг бешта ҳарбий учоғи, жумладан Францияда ишлаб чиқарилган учта Rafale уриб туширилганини маълум қилди.

АҚШнинг CNN телеканалига маълумот берган француз разведка манбаси ҳам Ҳиндистонга тегишли бир Rafale учоғи Покистон томонидан уриб туширилганини тасдиқлади. Унинг таъкидига кўра, бошқа шундай ҳолатлар ҳам ўрганилмоқда.

Агар ушбу маълумотлар расман тасдиқланса, бу J-10C учоғининг жанговар шароитда бошқа ҳарбий учоқни биринчи марта уриб тушириши сифатида тарихга кириши мумкин. Шунингдек, Rafale ҳам биринчи марта ҳаводан уриб туширилган ҳарбий учоқ сифатида қайд этилади.
Ҳиндистон ракеталар қолдиғи ва дронларнинг фош бўлиши

Ҳиндистон матбуотининг хабар қилишича, Хитойда ишлаб чиқарилган J-10C учоқларида қўлланиладиган PL-15E ракеталарига тегишли қолдиқлар мамлакатнинг Панжоб штатида топилган. Бу ракеталарга тегишли деб айтилган тасвирлар интернет нашрларида тарқалди.

Покистоннинг Панжоб вилоятида ҳам Ҳиндистонга тегишли бир дрон парчалари топилган. Шунингдек, Лоҳурда Ҳиндистонга мансуб деб тахмин қилинаётган жосус дрони уриб туширилгани, воқеа жойида портлаш ва сирена овозлари эшитилгани қайд этилган. Дрон сингал бузувчи қурилма орқали қулатилган.

Покистон 25 та Ҳиндистон дронини уриб туширди

Покистон армияси ҳужумлар бошланганидан буён Ҳиндистонга тегишли 25 та “Harop” туркумига мансуб қуролли дрон уриб туширганини маълум қилди. Бу дронлар Исроилда ишлаб чиқарилган бўлиб, "камикадзе" туридаги дронлар ҳисобланади. Уларнинг парчалари мамлакатнинг турли минтақаларида йиғилмоқда.

Дронлар Лоҳур, Атток, Гужранвала, Баҳавалпур, Чаквал, Карачи, Мияно, Чор ва Исломобод яқинидаги Равалпинди каби ҳудудларда уриб туширилган. Ҳужумлар натижасида Лоҳурда тўрт нафар ҳарбий, Синд вилоятида эса бир фуқаро яраланган, бир фуқаро ҳам ҳалок бўлган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.