25.12.2023 08:42

Пентагон: Эрон Ҳинд океанида тижорат кемасига дрон билан ҳужум уюштирди

АҚШ Мудофаа вазирлиги (Пентагон) Ҳинд океанида ҳаракатланаётган кимёвий юк ортилган танкерга уюштирилган дрон ҳужумида Эронни айбламоқда.

Пентагоннинг Anadolu ахборот агентлигига маълум қилишача, "Японларнинг Либерия байроғи остида сузадиган ҳамда Голландия томонидан бошқариладиган Chem Pluto кемасига Ҳинд океанида, Ҳиндистон қирғоқларидан 370 километр масофада ҳужум қилинган.

Баёнотга кўра, ҳужум Эрондан учирилган бир йўналишли ҳужумчи учувчисиз учиш ускунаси (дрон) билан амалга оширилган ва ҳодисада қурбонлар бўлмаган, танкердаги ёнғин ўчирилган.

Баёнотда ҳужум чоғида яқин атрофда АҚШ денгиз флоти кемаси бўлмагани ва АҚШ денгиз кучлари марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Ҳиндистондаги манзилига қараб давом этаётган кема билан алоқани давом эттиргани қайд этилди.

Эрон ҳужум ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермаган бўлса-да, Ambrey денгиз хавфсизлиги компанияси танкернинг Саудия Арабистонидан Ҳиндистонга кетгани ва Исроил билан алоқаси борлиги ҳақидаги маълумотни BBC билан ўртоқлашган.

Қайд этилишича, бу Эроннинг 2021 йилдан бери тижорий юк ташишга еттинчи, Ғазодаги урушдан буён биринчи ҳужуми.

Исроилнинг 7 октябрдан бери блокададаги Ғазо секторига давом этаётган ҳужумларига жавобан Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҳусийлар Қизил денгиздаги Исроил кемаларини нишонга олишлари мумкинлиги билан таҳдид қилган эди. Ҳусийлар ҳаракатга келганидан сўнг, кўплаб юк ташиш компаниялари Қизил денгиздаги саёҳатларини тўхтатишга қарор қилишди.

Жумладан, Япониянинг Nippon Yusen ва Mitsui OSK Lines компаниялари Европага кетаётган ва у ердан келаётган юк ташиш кемаларининг йўналишини ўзгартирди.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.