31.01.2025 10:15
Охирги француз аскари Чадни тарк этди
Франция Чад пойтахти Энжеминадаги Аджи Коссей базасини Чад армиясига топшириб, бу давлатдаги ҳарбий иштирокига тўлиқ чек қўйди.
Аджи Коссей ҳарбий базаси назорати Африка давлати армиясига ўтди.
Франция Чад пойтахти Энжеминадаги Аджи Коссей базасини Чад армиясига топшириб, бу давлатдаги ҳарбий иштирокига тўлиқ чек қўйди.
"Аджи Коссей базасининг қўлга олиниши француз қўшинларининг Чаддаги мавжудлигини тўлиқ тугатди. Бу қарор Президент Муҳаммад Идрисс Дебй Итно истаги ва Чад халқининг талабларига мувофиқ амалга оширилди", дейилади Чад Бош штабидан берилган баёнотда.
2024 йил 28 ноябрда Чад ҳукумати Франция билан мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Бунинг ортидан Франция ҳарбий самолётлари ва қисмлари мамлакатни тарк эта бошлади.
2024 йил 26 декабр – Фая ҳарбий базаси Чад армиясига топширилди.
2025 йил 12 январь – Абече ҳарбий базаси ҳам Чад назоратига ўтди.
2025 йил 30 январь – Аджи Коссей базаси ҳам Франция назоратидан чиқди.
Бу қарор Франциянинг Ғарбий ва Марказий Африкадаги таъсирининг сўнгги йилларда камайиши билан боғлиқ бўлиб, африкалик етакчилар ўз мамлакатларининг ҳарбий ва сиёсий мустақиллигини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда.