Олимпиада олдидан Париждаги барча уйсизлар шаҳардан ҳайдаб чиқарилди
Франция ҳукумати Олимпиада арафасида Париждан 5 мингга яқин уйсизни қувиб чиқарди. Полиция минглаб уйсиз муҳожирларни автобусларга миндириб, Франциянинг чекка ҳудудларига жўнатган. Муҳожирларнинг хабар беришича, ҳукумат уларни бошқа шаҳарларда уй билан таъминлашга ваъда берган, аммо улар уйдан узоқда нотаниш кўчаларда қолган ёки депортация учун белгиланган, деб ёзади The New York Times (NYT).
Франция президенти Эммануэл Макрон Олимпия ўйинлари
мамлакатнинг буюклигини намойиш этишига ваъда берди. Аммо Олимпия қишлоғи
Парижнинг энг қашшоқ чекка
туманларидан бирида қурилган бўлиб, бу ерда
минглаб одамлар кўчаларда чодирларда, бошпаналарда ёки ташландиқ биноларда яшарди.
“Бизни Олимпиада туфайли қаерга кетаётганимизни тушунтирмасдан олиб кетишди”, - дейди Олимпия
қишлоғи яқинидаги ташландиқ цемент заводидан ҳайдалган чадлик Муҳаммад Иброҳим.
У аввалига Париж жанубидаги бўш бинога кўчиб ўтган, у ердан апрель ойида полиция
томонидан қувиб чиқарилган.
Автобусда
жануби-ғарбий томонга, Орлеан яқинидаги шаҳарчага олиб борилган.
“Бизга уй-жой ва ижтимоий ёрдам ваъда қилинганди. Лекин охир-оқибат тақдир ҳукмига ташлаб кетилдик”, - дейди Шарл де Голл аэропортида самолёт
тозаловчи бўлиб ишлайдиган суданлик Юсуф Аҳмад.
Париж ва унинг атрофида 100 минг бошпанасиз одам учун
бошпана етарли эмас. Ҳукумат, хусусан, уйсиз одамларни мамлакатнинг бошқа
ҳудудларига тақсимлаш орқали муаммони енгишга ҳаракат қилмоқда. Ўтган йили Франция ҳукумати 10 та
вақтинчалик бошпана очган.
Шу билан бирга, Макрон ҳукумати уйсизларнинг Париждан олиб
чиқилиши Олимпиада билан боғлиқлигини рад этади. Бироқ исмини ошкор этмаган
ҳукумат уй-жой хизмати ходимининг NYT га айтишича, кампаниядан мақсад айнан “Олимпиада ўтказиладиган
жойларга яқин ҳудудларда кўчадаги одамларни аниқлаш” ва уларни Ўйинлар олдидан
бошқа жойга кўчиришдир.