Украина Олий Радаси (парламенти) мамлакатда каноник Украина православ черкови фаолиятини тақиқловчи қонунни қабул қилди. Бу ҳақда қонун чиқарувчи орган депутати Ярослав Железняк ўзининг Телеграм-каналида маълум қилди.

“Рада Украина ҳудудида диний ташкилотлар, хусусан, Россия Федерацияси билан боғлиқ бўлган ташкилотлар фаолиятини тақиқловчи умумий якунланган қонун лойиҳасини қабул қилди.  Москва черковини тақиқловчи қонун – халқда”, — деб ёзди Железняк.

Парламентарийнинг сўзларига кўра, иккинчи ўқишда ҳужжатни 265 депутат қўллаб-қувватлаган.

Қонун эълон қилинган кундан бошлаб 30 кун ўтгач кучга киради.

Олий Рада депутати Алексей Гончаренко ҳам ўзининг Телеграм-каналида қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳақидаги маълумотни тасдиқлаб, бу қарорни "тарихий" деб атади.

Аввалроқ Бутун Украина черковлар кенгаши Украина православ черковини тақиқлашни қўллаб-қувватлаган эди.

2022 йил май ойида Киевда Украина православ черкови кенгаши бўлиб ўтган, унда ўзининг тўлиқ мустақиллиги ва Москва Патриархиясидан мустақиллигини эълон қилганди.

Бироқ мамлакат ҳукумати ва Украина Черковлар кенгаши ҳамон Православ черковини “россияпараст” деб ҳисоблайди.

Маълумот учун, Украина православ черкови 2018 йил 15 декабрда Киев Патриархиясининг Украина православ черкови ва Украина автокефал православ черкови, шунингдек, Москва Патриархиясининг Украина православ черковининг айрим иерархларини бирлаштирган ҳолда ташкил этилган.

Мавзуга алоқадор