7 октябрь воқеалари чоғида Исроил армияси Ғазо сектори билан чегарадаги ҳарбий объектлар ва назорат-ўтказиш пунктларида “Ганнибал протоколи”ни амалга оширган. Бу ҳақда Исроилнинг Haaretz газетаси ўз қўлидаги исроиллик ҳарбийларнинг ҳужжат ва баёнотларига таяниб хабар берди.

“Бизда бундай ҳужум содир бўлган тақдирда режамиз йўқ эди, чунки биз буни даҳшатли тушда ҳам тасаввур қила олмасдик”, — дея исроиллик ҳарбийнинг сўзларини келтиради нашр.

Унинг сўзларига кўра, “ҳеч ким 7 октябрь куни қанча одам ўғирлаб кетилгани ва ўша пайтда Исроил кучлари қаерда бўлганлиги ҳақида заррача тасаввурга эга бўлмаган”.

Хабар қилинишича, 7 октябрь куни эрталаб “Эрез” назорат-ўтказиш пунктида (Бейт Ханун) исроиллик аскарларнинг ўғирлаб кетилгани маълум бўлганидан сўнг, чегара ўтказиш пункти ва ҳарбий постга учувчисиз самолётлар ёрдамида ҳужум қилиш ҳақида бир неча бор буйруқ берилган.

Газетанинг ёзишича, 7 октябрь куни эрталаб «Рейм» ва «Нахаль-Оз» ҳарбий назорат пунктларида ҳам “Ганнибал протоколи” қўлланилган. "Ушбу қарорларни қабул қилганлар бизнинг ҳудуддаги аскарларимиз жароҳат олиши мумкинлигини билишган", деди Исроил армиясининг юқори мартабали амалдори.

"Ганнибал протоколи" деб аталадиган ҳаракатнинг маъноси шундан иборатки, армия ва хавфсизлик кучлари ҳарбий хизматчилар ёки тинч аҳолини асирга олишнинг олдини олишга, бунинг учун эса барча эҳтимолий ҳаракатларни, шу жумладан асирга олинган шахснинг ҳаётига таҳдид солиши мумкин бўлган чораларни кўришга мажбур қилинади. Ушбу тартиб 1986 йилда Исроил армияси томонидан ишлаб чиқилган ва 2016 йилда Бош штаб бошлиғи Гади Эйзенкот уни янги операцион буйруқ билан алмаштиришни буюрган.

Мавзуга алоқадор