Ғазода гуманитар вазият кун сайин ёмонлашиб бормоқда. Бунинг олдини олишга қаратилган кенг қамровли ҳаракатлар Исроилнинг вайронкор хатти-ҳаракатлари сабаб кутилганидек самара бермаяпти. Ҳозирги кунда бу борада фаол ҳаракат қилаётган ташкилот Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш учун мўлжалланган Яқин Шарқ агентлиги UNRWA’дир. 

Исроил шу вақтга қадар ушбу гуманитар ташкилот таъминоти остидаги 188 та инфратузилмани вайрон қилди. Бу ҳам етмаганидек, ҳақиқий террорчи сионистлар UNRWA’ни “террористик ташкилот”, деб эълон қилди. 

Шу боис, 7 октябрдан ҳозирга қадар босқинчилар Ғазо секторидаги БМТнинг инфратузилмасини тўлиқ нишонга олган ҳолда йўқ қилишга ҳаракат қилиб келмоқда. 

Натижа даҳшатли – UNRWA ҳисоб-китобларига кўра, уруш бошланганидан бери ташкилот бошпаналарида камида 561 нафар одам ҳалок бўлган ва 1768 киши яраланган. Шунингдек, 274 нафар тезкор ёрдам ва 500 дан ортиқ тиббиёт ходими ўлдирилган.

Бу рақамлар Ғазода давом этаётган Исроил қирғини келтирган барча бошқа рақамларга тўлиқ мос келади. Ҳеч ким аяб ўтирилмади: на шифокорлар, на фуқаролик мудофааси ходимлари, на шаҳар ҳокимлари ва на йўл полицияси ходимлари.

Бироқ буларнинг бари шунчаки “умумий жазолаш”дан кўра каттароқ бир мақсадга хизмат қилади. 

Исроил олдинги Ғазо урушлари даврида бўлгани каби,  ташкилотга қилган ҳужумларини яширишга ёки оқлашга уринмаяпти. Тель-Авив ҳеч қандай далил келтирмаган ҳолда ўнлаб йиллар давомида миллионлаб Фаластин қочқинларига таълим, тиббиёт ва гуманитар хизматлар кўрсатиб келаётган Яқин Шарқ агентлигига қарши халқаро обрўсизлантириш кампаниясини бошлади.

Аҳамиятлиси шундаки, баъзи ғарбий ва ҳатто ғарбий бўлмаган давлатлар Исроилнинг UNRWA’ни жазолаш чақириқларига жавобан, зарурий маблағларни тўхтатиб қўйишди. 

Тўғри, бир қатор давлатлар кейинроқ БМТ таркибидаги агентликни молиялаштиришни қайта тиклашди, аммо бундай ҳаракатлар фақат катта зарар етказилгандан кейингина амалга оширилди. Қолаверса, Ғарб давлатларининг аксарияти UNRWA объектларини доимий нишонга олгани учун Исроилга қарши ҳеч қандай чоралар кўрмади. 

Бу бефарқлик Исроилга шу қадар улкан жасорат бердики, 29 май куни Исроил Кнессети (парламенти) UNRWA’ни “террорчилик ташкилоти” деб эълон қилди. Қонун лойиҳаси бир ўқишдаёқ қабул қилинди. 

Кейинчалик, 18 июль куни Исроил вакили Довуд Менсер UNWRA раҳбарини “террорчиликка хайрихоҳ”, деб айблади.

Аслида Исроилнинг Яқин Шарқ агентлигига нисбатан нафрати ҳозирги урушдан анча олдин пайдо бўлган. Бир неча йиллар давомида Исроил ҳукумати Трамп маъмуриятининг ёрдами билан агентликни бутунлай ёпишга ҳаракат қилди.

Маълумот учун, UNRWA 1949 йил 8 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг 302-қарори билан ташкил этилган. Унинг ташкил топиши БМТнинг 194-сонли қарорининг қабул қилинишидан бир йил кейин содир бўлган, бу қарор Фаластин қочқинларига “ўз уйларига қайтиш” ҳуқуқини берган эди.

Гарчи ташкилотнинг миссияси доимий мандатга айланиб кетган бўлса-да, Фаластин қочқинларига уйларига қайтиш ҳуқуқи берилмаганлиги сабабли, агентликнинг роли ҳозир ҳам аввалгидек муҳим. 

Уруш бошланганидан буён ўнлаб мамлакатлар агентликни қўллаб-қувватлаш ишида фаол бўлишди. Ирландия мана шундай мамлакатлар ичида етакчилардан бири ҳисобланади. У март ойининг ўзида ташкилотни қўллаб-қувватлаш учун 22 млнга яқин пул ажратган. 2022 йил статистикаларига кўра АҚШ, Германия, Европа Иттифоқи, Швеция, Норвегия, Япония каби мамлакатлар агентликни қўллаб қувватлаш борасида олд ўринларни эгаллаган бўлса-да, Исроил айбловларидан сўнг бу ҳаракатлар чекланди.

UNRWA’нинг 1.17 миллиард долларлик бюджетининг энг йирик уч ҳомийси бўлган АҚШ, Германия ва Европа Иттифоқининг хайрия маблағларини тўхтатиш тўғрисидаги қарори деярли 75 йиллик БМТ органига оғир зарба бўлди.

“Фаластиннинг этник тозаланиши” китоби муаллифи Илан Паппе ушбу давлатларнинг агентликни молиялаштиришни тўхтатиш тўғрисидаги қарорини қаттиқ танқид қилиб, Аl Jazeera телеканалига шундай деди: “Бутун Ғарб мамлакатлари Исроилнинг UNRWA ҳақидаги кўрсатмаларига кўр-кўрона эргашмоқда”.

Австралия, Австрия, Канада, Эстония, Финляндия, Германия, Исландия, Италия, Япония, Латвия, Литва, Нидерландия, Янги Зеландия, Руминия, Швеция, Швейцария, Буюк Британия ва Қўшма Штатлар агентликни молиялаштиришни тўхтатишди.

Бельгия, Норвегия, Саудия Арабистони, Испания, Туркия ва албатта Ирландия каби давлатлар UNRWA’ни қўллаб-қувватлашда давом этишди.

1 февраль куни ташкилотга 2022 йилда 12,6 миллион доллар ажратган Бельгиянинг Бош вазир ўринбосари Петра Де Суттер Х платформасида шундай ёзди:

"Бельгия UNRWA’ни молиялаштиришни давом эттиради. Ушбу агентлик Ғазода шошилинч ва муҳим гуманитар ёрдам кўрсатишда беқиёс роль ўйнайди".

2022 йилда БМТ органига 25,2 миллион доллар ажратган Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мавжуд вазиятни таҳлил қилиб:
"БМТ Яқин Шарқ агентлиги ходимларига қарши ҳужумларни кўриш бизни хафа қилади. Жафокаш халқ ҳимояси учун ҳам уни қўллаб-қувватлашимиз керак", деди.

Нима сабабдан Ирландия Фаластин аҳлига хайрихоҳлик билдирмоқда?

Ирланд халқининг Британия бўйинтуруғидан озод бўлиш йўлидаги матонатли кураши унинг фаластинликларга ҳамдардлигининг асосий сабаби ҳисобланади. 

Исроилнинг Ғазодаги давомий урушини қўллаб-қувватлаб келаётган мамлакатлардан фарқли ўлароқ бош вазир Варадкар фаластинликларни фаол қўллаб-қувватлашини билдирган. 

Нима учун АҚШ хайрия ёрдамларини давом эттиришни истамаяпти?

АҚШ UNWRA’ни молиялаштиришни қайта тикламаган ягона йирик донордир. Камида кейинги йилгача бу борада ҳеч қандай ўзгариш кутилмаяпти.

23 март куни Конгресс Яқин Шарқ агентлигига қаратилган маблағларни 2025 йил мартигача тақиқловчи тўртта қонун лойиҳасини қабул қилди. Айни дамда, у Украина, Исроил ва Тайванга 95 миллиард долларлик ёрдам ажратди. Бу қадам Исроил ҳукумати томонидан мамнунлик билан қарши олинди.

Етакчи демократ Берни Сандерс нафақат Исроилни қуроллантириш, балки Яқин Шарқ агентлиги фаолиятига салбий таъсири учун ҳам қонун лойиҳасига қарши чиқишини билдирди. 

“Ғазода юз минглаб Фаластин болалари очарчиликка дуч келаётган бир пайтда, бу қонун инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун гуманитар ёрдам кўрсатаётган БМТнинг ёрдам агентлиги – UNRWA’ни молиялаштиришни тақиқлайди. Бу Ғазодаги аллақачон даҳшатли тус олган вазиятни янада кучайтиради”, дейди у ўз баёнотида.

Исроил нима учун UNRWA’ни ёқтирмайди?

Исроилнинг ташқи ишлар вазирлиги вакили Орен Марморстеин шундай деди: “UNRWA ва Ғазо билан боғлиқ муаммо бир нечта бемаза олма муаммоси эмас. Бу илдизлари ҲАМАС бўлган заҳарли ва чириган дарахтдир.”

Май ойининг охирида Исроил парламенти Яқин Шарқ агентлигини “террорчилик ташкилоти” деб эълон қилиш тўғрисида қонун лойиҳасини қабул қилгач, бу қадамни Қатар, Саудия Арабистони ва Чегара билмас шифокорлар ташкилоти (MSF) қоралади. 

MSF бош котиби Кристофер Локер бу ҳаракатни “гуманитар ёрдамга қарши бемаъни ҳужум ва Фаластин халқини оммавий жазолаш ҳаракати” деб атади.

Шу билан бирга, Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеф Боррель ҳам “Яқин Шарқ агентлигини “террорчилик ташкилоти” деб аташга уринишларни рад этишини айтиб ўтди.

“Қандай қилиб БМТ таркибидаги агентлик террорчилик ташкилоти бўлиши мумкин?”дея қўшимча қилди Боррель.

Фаластинликларга ёрдам агентлигини қандай келажак кутмоқда? 

2023 йил 30 июнь куни UNRWA’нинг мандати 2023-2028 йиллар учун стратегик режа эълон қилинганидан кейин яна уч йилга узайтирилган эди.

Бироқ бир йил ўтиб, Ғазо ва Яқин Шарқ агентлиги жиддий ҳужумларга дучор бўлди: уйлар ва бинолар портлатилди, инфратузилма вайрон бўлди, ўн минглаб оддий одамлар ўлдирилди.

Агентлик ходимларининг ҳалок бўлиши, иншоотларининг вайрон бўлиши ва босқинчиларга хайрихоҳ, нуфузли танқидчиларнинг босими оқибатида йирик муаммоларга дуч келмоқда. 

Шунингдек, Дональд Трампнинг Оқ уйга қайтиши эҳтимоли ҳам агентликнинг мавжудлигига таҳдид бўлиши мумкин. 

БМТ бу муаммоларни яхши англаб турибди. Ҳозирда агентлик ўрнини боса оладиган муқобили мавжуд эмас. Шу боис ҳам халқаро доирада мамлакатлар гуманитар ёрдам агентлигини ҳимоя қилишга, Фаластинни қўллаб қувватлаган ҳолда Исроилнинг узун томир отиб бораётган илдизларини йўқ қилишга жиддий киришишлари лозим. 


Мавзуга алоқадор